Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пулмонология илмий – амалий тиббиёт маркази ҳамда АҚШ нинг Халқаро Тараққиёт Агентлиги (USAID) ҳамкорлигида ташкил этилган анжуман «Ўзбекистонда END-TB (силни тугатиш) стратегиясини тадбиқ қилишда фан ва инновацион технологиялар билан ўзаро ҳамкорлик интеграцияси» мавзусига бағишланади. Конференцияда АҚШ, ЖАР, Латвия, Россия, Швейцария, Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг етакчи мутахассислари иштирок этмоқда.
Анжуман олдидан 22-23 май кунлари Ўзбекистондаги тиббиёт ва лаборатория муттахассислари учун етакчи халқаро экспертлар томонидан маҳорат дарслари ўтилди. Анжуманнинг очилиш маросимида қайд этилишича, Ўзбекистонда силнинг олдини олишда жорий этилган янгича ёндошув натижасида ушбу касаллик билан боғлиқ холатлар сони сезиларли даражада камайган. Бунда кенг жамоатчиликни жалб қилиш орқали амалга оширилаётган тарғибот тадбирларининг алоҳида ўрни бор.
Эътиборлиси, Тошкент ва Қарши шаҳарларида бўлиб ўтган 9 та маҳорат дарслари ва семинарларга нафақат соҳа ходимлари, балки турли давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, шунингдек ёш тадқиқотчилар ҳам жалб этилди.
- Мен сил билан оғриганимни ҳеч кимдан яширмайман, чунки шифокорлар тавсиясига биноан ўз вақтида ва тўғри даволаниш орқали бу касалликни ҳеч қандай оқибатларсиз енгишга муваффақ бўлиш мумкинлигини ҳамма билсин дейди, иштирокчи Лола Ниёзова. – Жамиятимизда ҳамон бу касалликка нисбатан нотўғри муносабат сақланиб турибди. Сил наслдан наслга ўтмаслигини, ўпка силида даво чоралари бошлангандан кейин атрофдагиларга хавф туғдирмаслигини билмайдиганлар тез-тез учраб туради. Энг асосийси эрта ташхис ва тизимли даво орқали бутунлай соғайиш имкони бор.
Силнинг тарқалишини олдини олиш вазифаси дунёнинг кўплаб давлатларида нафақат тиббий балки ижтимоий аҳамият касб этмоқда. «End TB» («Силни тугатиш») Стратегияси 2014 йилда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг 67 – сессиясида қабул қилинган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг силга қарши кураш бўйича 2015 йилдаги маърузасида келтирилишича, биргина 2014 йилда дунёда 9,6 миллион киши касалланган бўлиб, шундан 1,5 миллион бемор ҳалок бўлган. Стратегиянинг бош мақсадлари 2035 йилга келиб 2015 йил билан таққослаганда сил туфайли юзага келадиган ўлим холатларини 95 фоизга ва касалланишни 90 фоизга камайтириш, шунингдек бирон бир оилада бу хасталикни даволашда катта миқдордаги харажатлар бўлмаслигини таъминлашни назарда тутади.
Тиббиётга инновацияларни кенг жорий этилишини даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Сил касаллигини даволаш амалиётлари ҳам бундан мустасно эмас. «End TB» Стратегиясини силнинг тугатилишига эришишида энг асосий воситалардан бири касалликни даволаш ва олдини олишда айнан илмий изланиш ва инновацияларни жадаллаштириш, илғор илмий тажриба ва технологияларни ишлаб чиқиш ҳамда жорий қилиш ҳисобланади. Бу масалаларни ҳал этишда қизиқиши мос келган бир қатор томонларнинг, тиббий ва нотиббий, шунингдек фуқаролик жамиятларини ўзаро ҳамкорлик алоқалари зарур. Тошкент ва Қарши шаҳарларида ташкил этилган конференциядан кўзланган асосий мақсад ҳам шунга қаратилган.
Анжуман кун тартибидан силни назорат қилишнинг илғор амалиётларини жорий этиш масалалари, Ўзбекистондаги ва бошқа давлатлардаги силга қарши кураш хизматларида беморга йўналтирилган ёндошувни шакллантиришдаги муваффақиятлар ва қийинчиликлар таҳлили, шунингдек силга қарши кураш соҳасидаги инновациялар бўйича тақдимотлар ўрин олган. Муҳокамалар натижаларига кўра, Ўзбекистондаги силга қарши кураш Миллий дастури самарадорлигини оширишга оид тавсиялар ишлаб чиқилади.
ЎзА






