Навоий вилоятида ёз мавсумига пухта ҳозирлик кўрилмоқда. Ўқувчиларга муносиб шароитлар яратиш, турли маънавий-маърифий, кўнгилочар тадбирлар, саёҳатлар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилаётир, деб ёзади ЎзА.
Жорий йилги мавсумда вилоятда 12 ёзги соғломлаштириш ва мактаб қошида 24 кундузги оромгоҳ фаолият юритади. Ушбу соғломлаштириш масканларида умумий ўрта таълим мактабларида таҳсил олаётган 16 минг 300 га яқин боланинг дам олиши ва саломатлигини мустаҳкамлаши учун зарур шароитлар яратилмоқда.
Айни пайтда барча ёзги соғломлаштириш оромгоҳларида ободонлаштириш ишлари якунланиш арафасида. Мавсум олдидан вилоят ички ишлар ва фавқулодда вазиятлар бошқармалари ҳамкорлигида тузилган ишчи гуруҳ томонидан объектларнинг хавфсизлик ҳолати, бино ва иншоотларнинг техник мустаҳкамлиги, улар жойлашган ҳудуд ва йўлларда юзага келиши мумкин бўлган вазиятларнинг олдини олиш бўйича муҳим чора-тадбирлар амалга оширилди.
– Шаҳардан ташқарида жойлашган оромгоҳлар фаолиятини самарали ташкил этиш учун корхона ва ташкилотлар, ота-оналар, ҳомийлар ва касаба уюшмаларидаги ижтимоий суғурта ҳисобидан 16 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланиши режалаштирилган, – дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ходими Н.Нурманова. – Жорий мавсумда “Нимкон”, “Дўстлик” ва “Ишонч” каби оромгоҳларда кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларининг 50 нафари бепул соғломлаштирилади.
Болаларнинг мазмунли дам олиши ва спорт билан шуғулланиши учун зарур шароит яратиш ҳамда малакали тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида қатор мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорлик режалари ишлаб чиқилган. Хусусан, ўқувчиларда ватанпарварлик туйғусини юксалтириш, мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлашга қаратилган маънаний-маърифий тадбирлар ўтказиш, шоир-ёзувчилар, санъаткорлар, рассомлар билан ижодий учрашувлар ташкил этиш белгиланган.
Педагог ходимларни оромгоҳларга жалб этиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мавсумда вилоят бўйича 840 нафар мутахассис, 62 нафар спорт йўриқчиси, 54 нафар кутубхоначи ҳамда 42 нафар мусиқа бўйича мураббий фаолият юритади. Айни пайтда улар вилоят “Баркамол авлод” болалар ижодиёт марказида ўтказилаётган малака ошириш курсларида оромгоҳларда маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш юзасидан услубий тавсиялар билан танишмоқда.






