Венесуэлада президент сайловлари ўз ниҳоясига етди, унинг натижасига кўра амалдаги президент Николас Мадуро ғалаба қозонди, деб хабар берди РИА новости нашри.
Хабарга кўра, овоз бериш жараёнида 20,5 миллиондан кўпроқ фуқаро қатнашиши лозим эди. Бироқ уларнинг46 фоиздан кўпроғи иштирок этган. Миллий сайлов кенгаши берган маълумотларга қараганда, Мадурога5,8 миллион киши овоз берди. Унинг рақиби Энри Фальконга 1,8 млн киши овоз берган.
Шундай қилиб, Николас Мадуро иккинчи маротаба Венесуэла президентлигига қайта сайланди. Мамлакатга жараённи бевосита кузатиш учун дунёнинг 30 та давлатидан 150 га яқин халқаро кузатувчилар келишган.
“Сайлов ҳақида фикрларим ижобий. Жараён хаққоний ўтганига шубҳа йўқ. Барча сайловчилар ўз хоҳишларига кўра овоз беришди. Мен натижа барча учун яхши бўлишига ва мамлакатда тинчлик ўрнатилишига умид қиламан”, деди халқаро кузатувчи Хосе Радригос.
Ушбу жараён сайлов участкаларига келиб бюллетенларни тўлдириш ва электрон тарзда овоз бериш йўли орқали амалга оширилди. Ҳукумат фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш учун барча чора-тадбирларни кўрди.






