МОҚ Президенти Умид Аҳмаджоновнинг таклифига кўра бугун, 28 апрель куни Осиё Олимпия Кенгаши ва Миллий Олимпия қўмиталари Ассоциацияси Президенти Шайҳ Аҳмад Ал-Фаҳад Ал-Сабах бошчилигидаги делегация юртимизга етиб келди., деб хабар бермоқда қўмита ахборот хизмати.
Меҳмонларни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазири Шоакром Исроилов ҳамда Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Жасур Матчановлар кутиб олишди.
«Қўлга киритилаётган муваффақиятларимизда сиз билан олиб бораётган ҳамкорликнинг аҳамияти катта. Сиз амалга ошираётган ишлар қанчалик қийин, мураккаб, машаққатли эканлигини жуда яхши биламиз. Ўзбекистон спорт оиласи ва халқимиз буни жуда қадрлайди. Чунки, бу осон иш эмас», – деди Шоакрам Исроилов мартабали меҳмонни қаршилар экан.
Ўз навбатида Шайҳ Аҳмад ал-Фаҳад ал-Сабах юртимизга ташриф буюрганидан хурсанд эканлигини қайд этди.
Осиё Олимпия Кенгаши делегациясининг пойтахтимизга ташрифи давомида томонлар расмий учрашув ўтказиш билан бир қаторда, ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, спортчиларимизнинг Жакартадаги Осиё ўйинларига тайёргарлик жараёни, мамлакатимизда спорт тараққиёти ва Олимпия ҳаракатига оид бошқа масалаларни ҳам муҳокама қилишлари кўзда тутилган.
Тошкентга уюштирган сафари давомида Шайх Аҳмад ал Сабахга Осиё Олимпия Кенгаши аъзоси, “Осиё ўйинлари-2018” директори Ҳайдар Фармон ҳамроҳлик қилмоқда.









