Президентнинг 27.12.2016 йилдаги ПҚ–2699-сон қарорига ишланган даврга боғлиқ ҳолда ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақалар миқдорига тааллуқли ўзгартиришлар киритилди. Тузатишлар Президентнинг 4.04.2018 йилдаги ПФ–5398-сон Фармони билан киритилган ва 5.04.2018 йилда кучга кирди. Бу ҳақда Norma хабар бермоқда.
Эслатиб ўтамиз. Ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа миқдори аёл ишга қабул қилинган кундан бошлаб амалда ишланган вақтига қараб табақалаштирилган:
- 6 ойгача – ўртача ойлик иш ҳақининг 50%и;
- 6 дан 12 ойгача – 75%и;
- 12 ойдан ортиқ – 100%и.
Энди эса 6 ойгача бўлган иш стажида нафақаларни тўлаш тартиби бекор қилинди ва ишга қабул қилинган кундан бошлаб 12 ойдан кам иш стажи бўлганда нафақанинг ягона миқдори белгиланди – 75% (қуйидаги жадвалга қаранг). Яъни, агар аёл, олайлик, атиги 5 ой ишлаб «декрет таътили»га чиққан бўлса, унинг нафақаси миқдори илгаригидек 50% эмас, балки 75%ни ташкил этади.
2018 йилнинг 5 апрелига қадар | 2018 йилнинг 5 апрелидан бошлаб | ||
Амалда ишланган давр | Ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа миқдори (ўртача ойлик иш ҳақининг) | Амалда ишланган давр | Ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа миқдори (ўртача ойлик иш ҳақининг) |
6 ойгача | 50%и | Бекор қилинган | |
6 ойдан 12 ойгача | 75%и | 12 ойгача | 75%и |
12 ойдан ортиқ | 100%и | 12 ойдан ортиқ | 100%и |
Шунингдек, эътиборингизга молия вазирлиги матбуот хизмати томонидан тайёрланган инфографикани ҳавола этамиз. 






