Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган қўшма режа ижроси юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Жиноят қидирув бошқармаси томонидан тезкор тадбир ўтказилди, деб хабар берди Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати.
1983 йил Сирдарё вилоятида туғилган шахс интернет орқали дўстлашган ўртоғи ўзининг валютафуруш танишлари орқали катта миқдорда, ҳар бир АҚШ долларини 8 120 сўмдан қора бозор нархида сотишини таклиф қилаётганлигини маълум қилиб, уларга нисбатан қонуний чора кўрилишини сўраб бошқармага мурожаат қилган.
Ариза юзасидан 2018 йил 20 апрель куни 18:00 да Солиқ, валютага оид жиноятлар ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти Тошкент шаҳар бошқармаси ҳамкорлигида, Яккасарой туманида жойлашган «Биродарлар қабристони» мемориал мажмуаси олдида ўтказилган тадбир давомида бир қатор шахслар қўлга олинди. Жумладан, 1986 йил Бухорода туғилган Б.Ф., 1985 йил Бухоро вилоятида туғилган Т.П., 1979 йил Бухоро вилоятида таваллуд топган Р.Ж. ҳамда 1990 йил Тошкент шаҳрида туғилган P.С. аризачига 20 минг АҚШ долларини 8 120 сўмдан жами 162 400 000 сўмга сотаётган вақтда далилий ашёлар билан қўлга олинди.
Ушбу ҳолат юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар қонуний қарор қабул қилиниши учун Солиқ, валютага оид жиноятлар ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти Тошкент шаҳар бошқармасига топширилди.






