Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида йўл ҳаракати қоидалари бузилиши оқибатида икки инсон ҳалок бўлди, олти киши эса жароҳат олди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси хабар бермоқда.
Хабарда, 14 апрель куни соат 13.00ларда Бекобод тумани Истиқбол кўчаси 31-уй 12-хонада яшовчи, “Bekabad Ogneupor” МЧЖ Ўзбекистон-Қирғизистон қўшма корхонаси ҳайдовчиси, 1959 й.т. В.Бугаенко ўзига бириктирилган “Эпика” русумли автомашинасини “Гулистон-Бўка-Ангрен-Қўқон-Андижон-Ўш” йўлининг 150-км.да ҳайдаб кетаётиб шу йўналишда олдинда ҳаракатланиб кетаётган 1962 й.т. М.Миразимов бошқарувидаги “Нексия” русумли автомашинасининг орқа қисмига бориб урилган, дейилган.
Натижада “Эпика” автомашинаси ҳайдовчиси В.Бугаенко ва унинг 2 нафар йўловчилари, ҳамда “Нексия” автомашинаси ҳайдовчиси М.Миразимов ва унинг 4 нафар йўловчилари, жароҳат олиб касалхонага ётқизилганлар ва кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай “Нексия” автомашинаси йўловчилари 1963 й.т Н.Эркабоева ҳамда 1936 й.т Ў.Нормухамедовалар вафот этганлар.
Мазкур ҳолат юзасидан тергов ишлари олиб борилмоқда.






