Аввал хабар берилганидек, ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов Англияга ташрифи чоғида Англия Футбол Ассоциацияси раҳбарияти билан учрашиб, келгусида икки Ассоциация ўртасида ҳамкорлик қилиш ва ўзаро тажриба алмашиш борасида суҳбатлашган ва бу борада икки томонлама келишувга эришилган эди.
Ушбу келишув асосида, Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси Суперлигада иштирок этувчи клублар директорлари, шунингдек, Англиянинг “Эвертон” ва “Арсенал” каби гранд клубларига бориб, у ерда тажриба ва малака оширишлари лозим эди.
Бугун ушбу ҳамкорлик доирасида илк келишув амалга оширилди, дея маълум қилди Ўзбекистон МОҚ. Унга кўра, Ўзбекистон Суперлигаси клублари, жумладан, “Локомотив”, “Насаф”, “Пахтакор” “Бухоро” ҳамда “Бунёдкор” клублари директорлари март ойида Англиянинг “Эвертон” клубида малака оширишади. Клублар раҳбарлари “Эвертон”га ташрифи давомида у ердаги инфратузилма ва шароитлар, футбол соҳасида Англияда қўлланилаётган янги технологиялар борасида тажриба тўплайдилар.
Таъкидлаш лозим, Ўзбекистондаги бошқа клублар вакилларини ҳам Англиянинг “Арсенал” клубига малака оширишга жўнатиш учун келишув амалга оширилмоқда. Шунингдек, клублар директорларини Голландиянинг “Аякс” клубига ҳам юбориш борасида айни дамда музокаралар олиб борилмоқда. Бу борада, ҳар иккала мамлакат футбол ассоцияциялари билан ҳамкорлик келишувига эришилган.






