“Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмасига асосан “Ўзбекфильм” киностудиясида суратга олинган “Сабот” бадиий филми нуфузли халқаро кинофестивалнинг бош совринига даъвогарлик қилмоқда...
Кинематографияни ривожлантириш маркази томонидан мазкур картина бир қатор хорижий кинофестивалларга тақдим этилган бўлиб, куни кеча Москвадан илк хушхабар келди. Фестивал ишчи гуруҳининг қарорига мувофиқ, режиссёр Рашид Маликовнинг “Сабот” бадиий фильми шу йилнинг 19-26 апрел кунлари Россия пойтахтида бўлиб ўтадиган 40-Москва Халқаро Кинофестивалининг асосий дастуридан ўрин олди.
Мазкур нуфузли халқаро кинофестивал 1935 йилда ташкил этилган бўлиб, биринчи фестивалда жаҳоннинг 19 мамлакатидан номзод фильмлар иштирок этган. 1972 йили эса МХКФга Кинопродюссерлар Аассоциацияси Халқаро Федерациясининг (ФИАПФ) “А” синфи, яъни олий мақом берилган. 1999 йилдан буён ҳар йили ўтказиб келинаётган мазкур кино танловининг асосий дастури учун камида 12 та тўлиқ метражли фильм саралаб олинади. Эътиборли томони бу йил ушбу рўйхатдан ўзбек фильми ҳам жой олди.
Эслатиб ўтамиз, 2017 йилнинг декабрь ойида Тошкентда ушбу фильмнинг премераси бўлиб ўтган эди. Фильмда афғон урушида қатнашган зобит – Сайдулла ҳаётининг сўнгги кунлари акс эттирилган. Воқеалар урушдан кейин содир бўлганига қарамай, Сайдулланинг бот-бот ўтмиш хотираларига берилиши сабабли, ретро саҳналар асосий воқеаларга параллел тарзда ривожланади. Сайдулла камгап, тунд одам. У уруш фожиаларини кўрган инсонларнинг типик вакили. Урушдан қайтгач ичкиликка берилган, оқибатда аёлидан айрилган ва шу туфайли ёлғиз ўғли билан муносабатларида жиддий муаммолар юзага келган. Бедаво дардга чалинганини билгач, ўзининг бурчи деб билган ишларни тезроқ битиришга шошилган қаҳрамон, асосий мақсади – урушдаги қуролдош дўстининг ўлимига сабабчи бўлган номардни топиб, йўқ қилишга қарор қилади...
Таъкидлаш жоиз, “Сабот” бадиий фильми бундан ташқари Кинематографияни ривожлантириш маркази томонидан 71-Халқаро Канн кинофестивалида намойиш этиш учун тавсия этилган. Демак, тез кунларда Париждан ҳам янгилик кутиб қоламиз.
ФАКТ:
- Сенарий муаллифи ва постановкачи режиссёр – Рашид Маликов
- Cаҳналаштирувчи тасвирчи – Баҳодир Йўлдошев
- Саҳналаштирувчи рассом – Дониёр Абдураҳмонов
- Бастакор – Дмитрий Янов-Яновский.
- Филмда бош ролларни Карим Мирҳодиев, Нигора Каримбоева, Сейдулла Молдахонов, Бегзод Ҳамроев ва Зулҳумор Мўминовалар ижро этишган.






