Қирғизистон республикаси депутатлари расмий қабуллар вақтида мамлакат президенти, вазирлар ва парламент спикерларининг миллий оқ қалпоқ кийишлари мажбурийлиги ҳақидаги қонун лойиҳасини тайёрлашди, деб хабар берди Lenta.ru нашри.
Қонун лойиҳасига биноан қирғизистонлик спортчилар ҳам халқаро мусобақаларда оқ қалпоқ кийишга мажбурдир.
Мазкур ҳужжат муаллифларининг фикрига кўра, бу нарса “қирғиз халқининг бир неча асрлик анъаналарини сақлаб қолишда, маънавий ривожланишида қирғиз халқини дарров танишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.” Қонун лойиҳасида оқ қалпоқ давлат байроғи, герби ва гимнига тенглаштирилган.
2017 йилнинг декабрь ойида Бишкек шаҳрида ўтказилган Dog’s Fashion Show-2018 танловида бошига оқ қалпоқ кийдирилган итнинг чиқиши норозиликларга сабаб бўлди. Бу воқеа қирғиз халқига нисбатан ҳурматсизлик деб баҳоланиб, одамлар шоу ташкилотчиларини жаримага тортишни талаб қилишган эди. Ташкилотчилар эса улар шоу иштирокчиларининг либослари учун жавоб бермасликларини маълум қилишди.
2016 йилда Қирғистон парламенти миллий бош кийим Кунини расман байрам, деб эълон қилган. Мазкур байрам 5 мартда ўтказилиб, у 2011 йилдан бери нишонланиб келади.






