АсосийJamiyat

Олий мажлис Давлатимиз раҳбари томонидан таклиф этилган муҳим қонунни қабул қилди

Олий мажлис Қонунчилик палатаси Давлатимиз раҳбари томонидан таклиф этилган муҳим қонунни қабул қилди

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қонунчилик ташаббуси тартибида киритилган “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларига)”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқиш мажлис кун тартибидаги бош масала бўлди. Ушбу ҳужжат, аввало, давлат ҳокимияти тизимини янада демократлаштириш, давлат бошқарувининг энг муҳим принципларини амалга оширишнинг конституциявий механизмларини такомиллаштириш – ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд тармоқлари мустақиллиги ва тенглиги, ваколатлари мутаносиблигини, улар ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тизимининг самарали ишлашини таъминлашга қаратилган.

Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқишга тайёрлаш чоғида унинг асосий ғоя ва қоидаларини муҳокама этиш ҳамда чуқур ўрганиш юзасидан бир қанча учрашув ва давра суҳбатлари ташкил этилди. Уларда сиёсий партиялар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, мутахассис ва олимлар, юрист-ҳуқуқшунослар иштирок этдилар. Қонун лойиҳаси сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳининг мажлисларида, Қонунчилик палатаси қўмиталарида фаол ва кенг муҳокама қилинди. Ана шу муҳокамалар пайтида депутатлар давлатимиз раҳбарининг қонунчилик ташаббусларини тўлиқ қўллаб-қувватладилар, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига киритилаётган тузатишларнинг ўз вақтида қўйилгани ва муҳимлигини қайд этдилар.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот хизмати хабар беради.

Депутатлар давлатимиз раҳбарининг ушбу ташаббуси Ўзбекистонда ўзини тўлиқ оқлаган ислоҳотларнинг “ўзбек модели” асосида амалга оширилаётган демократик, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, давлат қурилиши ва конституциявий тузумни изчил ўзгартириш ҳамда демократик янгилаш жараёнларини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришини алоҳида таъкидладилар. Қонун “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” деб номланган мамлакатимиз тараққиётининг бош принципини амалга оширишни бундан буён ҳам давом эттириш, мамлакатимиз Конституциясида мустаҳкамлаб қўйилган инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда демократиянинг бошқа умумэътироф этилган қадрият ва нормаларининг ишончли ҳимоясини таъминлайдиган сиёсий тузумни шакллантиришда улкан аҳамиятга эга.

Депутатлар эришилган марралар, жамиятимиз ҳаётида жадал юз бераётган ўзгаришлар, шунингдек, ривожланган демократик давлатлар қаторига кириш борасида биз ўз олдимизга қўйган мақсад Конституциямизга аниқликлар киритиш бўйича давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган қонунчилик ташаббусларига асос бўлиб хизмат қилганини алоҳида таъкидладилар.

Қонун лойиҳасини моддама-модда муҳокама этиш чоғида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан сайланган депутатлар Конституциянинг 98-моддасида Президент ваколатларининг бир қисмини Бош вазирга ўтказишни, умуман, Вазирлар Маҳкамасининг ваколат ва ҳуқуқларини аниқлаштириш ҳамда кенгайтиришни назарда тутадиган нормалар мустаҳкамлаб қўйилиши муҳим эканини қайд этдилар.

Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг зиммасига самарали иқтисодий, ижтимоий, молиявий, пул-кредит сиёсатини амалга ошириш, илм-фан, маданият, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш ҳамда иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг бошқа тармоқларини ривожлантириш бўйича дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун масъулият юклатилмоқда. Вазирлар Маҳкамаси давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ишини мувофиқлаштиради ва йўналтиради, қонунда белгиланган тартибда уларнинг фаолияти назорат қилинишини таъминлайди. Депутатларнинг фикрича, Ўзбекистонни сиёсий ва конституциявий ривожлантириш мантиғининг ўзи Вазирлар Маҳкамасининг мустақиллиги ва масъулиятини таъминлашга қаратилган ушбу қоидаларни тақозо этмоқда.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг аъзолари Конституциянинг 78-моддасидаги Вазирлар Маҳкамасининг фаолиятини назорат қилиш бўйича парламент палаталарининг роли ва ваколатларини кенгайтиришни кўзда тутадиган янги қоидаларга эътибор қаратдилар.

Депутатларнинг фикрича, Бош вазир лавозимига номзод парламентда унинг номзоди кўриб чиқилаётган ва тасдиқланаётган пайтда ҳукуматнинг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракат дастурини тақдим этиши ҳақидаги норманинг Конституцияга киритилиши сиёсий партияларга ҳукуматнинг тутган йўли ва дастурлари ёки унинг алоҳида йўналишлари юзасидан ўз нуқтаи назарини аниқ белгилаб олиш имконини беради. Конституцияга киритилаётган ушбу тузатиш демократик жамиятнинг энг муҳим таркибий қисми бўлган парламентаризм, кўппартиявийлик тизими ва партиялараро рақобат, фракциялараро курашни янада мустаҳкамлашда ғоят муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, қонун лойиҳасида мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига доир энг муҳим масалалар юзасидан ҳукуматнинг ҳар йили ўз маърузаларини парламентга тақдим этиш мажбурияти назарда тутилгани ҳам бунга кўмаклашади.

“Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг аъзолари Конституциянинг 103-моддасига киритилаётган қўшимчаларнинг алоҳида долзарб аҳамиятга эга эканини қайд этдилар. Мазкур қўшимчаларга мувофиқ вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларининг зиммасига халқ депутатлари тегишли Кенгашларига вилоят, туман, шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир энг муҳим ва долзарб масалалар юзасидан ҳисоботлар тақдим этиш мажбурияти юклатилмоқда. Халқ депутатлари Кенгашлари эса ушбу ҳисоботлар бўйича тегишли қарорлар қабул қилади.

Шу тариқа депутатлар вакиллик органларининг роли ва аҳамияти, уларнинг жамиятимиз ҳаётидаги ҳақиқий имкониятлари тубдан кучаяди, шунингдек, минтақаларни ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ривожлантиришнинг аниқ устувор йўналишларини белгилашда сиёсий партиялар, уларнинг маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар гуруҳларининг роли анча ошади.

“Адолат” социал-демократик партияси фракцияси депутатлари Конституциянинг 117-моддасига киритилаётган, мамлакатимиз сайлов тизимининг конституциявий асосларини янада такомиллаштиришга қаратилган тузатишларнинг алоҳида муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этдилар. Ушбу тузатишларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси референдумини ташкил этиш ва ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тузилиши белгилаб қўйилмоқда. Марказий сайлов комиссияси фаолиятининг мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик, адолатлиликдан иборат асосий принциплари мустаҳкамланмоқда. Депутатларнинг қайд этишларича, кўплаб ривожланган демократик мамлакатларда сайловлар ижро этувчи ҳокимият органлари – Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги каби вазирликлар томонидан ташкил этилади. Марказий сайлов комиссиясига парламент томонидан тузиладиган мустақил конституциявий орган мақомининг берилиши эса фуқароларнинг давлат ҳокимияти органларига сайлаш ва сайланишдан иборат конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишни тўлиқ таъминлайдиган сайлов тизимини янада демократлаштириш, шунингдек, сўз эркинлиги, ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш борасидаги ҳуқуқлар кафолатларини кучайтириш йўлидаги муҳим қадамдир.

Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи вакилларининг фикрича, Конституциянинг 32-моддасига киритилаётган тузатишларда давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назорати институтининг мустаҳкамланиши назарда тутилгани ижтимоий-иқтисодий ва гуманитар соҳалардаги энг муҳим вазифаларни ҳал этишда фуқаролик институтларининг роли ва аҳамиятини анча кучайтиради. Ушбу норма давлат ва жамиятнинг барқарор ривожланишини таъминлашда, атроф-муҳитни муҳофаза қилишда, соғлом ва баркамол ёш авлодни шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Экологик ҳаракатдан сайланган депутатларнинг фикрича, қонун лойиҳасида назарда тутилган янги ҳуқуқий нормаларнинг мамлакатимиз Конституциясига киритилиши парламент палаталаридан фуқаролик жамияти институтлари билан ишлаш бўйича шакл ва усулларни янада такомиллаштиришни талаб этади. Шу муносабат билан кўриб чиқиладиган қонунлар лойиҳаларини жамоатчилик экспертизасидан ўтказиш ва очиқ муҳокама қилиш, ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг жойларда ижтимоий-иқтисодий соҳада юзага келган ҳолатлар тўғрисидаги маълумотини эшитиб бориш каби фаолият шаклларидан янада самаралироқ фойдаланишнинг муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.

Шунингдек, депутатлар миллий давлатчилик ва сиёсий тузумни янада мустаҳкамлаш, мамлакатимизда фуқаролик жамиятини шакллантириш учун улкан аҳамиятга эга бўлган бошқа қатор конституциявий янгиликларни ҳам қайд этдилар.

Уларнинг фикрича, Конституцияга киритилаётган тузатишлар, ўз навбатида, депутатлардан демократик ислоҳот ва ўзгаришларни муваффақиятли ва самарали амалга ошириш учун зарур бўлган, ҳаёт талаб қилган қонунларни қабул қилишни, шунингдек, ўз сайловчилари билан ишлашни тубдан яхшилашни тақозо этади. Конституцияга киритилаётган тузатишларнинг ҳаётга муваффақиятли жорий этилиши фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини, уларнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданиятини оширишни, сиёсий партияларнинг юксак даражада етук, мамлакатимиз тақдири ва келажаги учун улкан масъулиятни ўз зиммасига олишга тайёр бўлишини талаб қилади.

Мазкур ҳужжат ҳар томонлама кенг муҳокама қилиш якунларига кўра, Қонунчилик палатаси “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларига)”ги қонунни қабул қилди.

Бунда депутатлар Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларни кенг муҳокама қилишни давом эттириш, уларнинг мазмун-моҳиятини мамлакатимизнинг барча фуқароларига етказиш зарурлигини таъкидладилар.

    Бошқа янгиликлар