Бир тадбиркор Африкада улкан олмос сотиб олибди. Олмос жуда катта, товуқ тухуми сариғича келар экан. Аммо харидор олмоснинг ичи каттагина дарз кетганини кўриб, хафа бўлибди. У олмосни заргарга кўрсатган экан, заргар шундай дебди:
— Бу жуда ажойиб олмос, агар уни ўртасидаги дарз бўйлаб тенг иккига бўла олсангиз, ҳар бири шу олмосдан икки баробар қиммат бриллиантга айланади. Аммо агар бўлаётганда сал нотўғри ҳаракат қилсангиз, тош майдаланиб кетади ва уни ярим баҳосига ҳам сота олмайсиз.
Тадбиркор тошни ўша дарз бўйлаб тенг иккига бўлиб бера оладиган инсонни қидира бошлабди. Қаерга хизмат сафарига бормасин, ўша мамлакатдаги энг моҳир заргар-усталарга тошни бўлиб бериш илтимоси билан мурожаат қилар экан. Бироқ бунга журъат этадиган одам топилмади. Охири у иш билан Ҳиндистонга келибди. У ердаги бир заргарга ҳам тошни кўрсатибди ва муддаосини айтибди. Шунда заргар нарироқда ишлаб ўтирган шогирдини чақириб, тошни ичидаги дарз бўйича тенг иккига бўлишни буюрибди. Шогирд ҳеч иккиланмай қўлидаги болғаси билан бир зарб урибди-ю, олмосни тенг иккига бўлибди. Шогирд ўз ишига кетгач, тадбиркор ҳайратланиб заргардан сўрабди:
— Дунёнинг манаман деган моҳир усталари қила олмаган ишни бу шогирдинг қандай уддалади?
— У тошнинг ҳақиқий нархини билмайди, уни парчалаб юборса, қандай йўқотиш рўй беришидан ҳам бехабар. Шу сабабли ишини иккиланмай бажарди, қўли титрамади, эҳтирослари жунбишга келмади. Натижада ишини аниқ бажарди.
Ҳаёт олдимизга қўядиган жумбоқлар, йўлимиздан чиқадиган қийинчиликларга қўрқмай ва иккиланмай, оддийгина қараш, ҳеч нарсани мураккаблаштирмаслик лозим. Ваҳимага берилмай, содда ечимларни излаш керак.
Манба: «Sug'diyona» газетаси






