АсосийJamiyat

Фейсбук фойдаланувчисининг арзи юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги тушунтириш талаб қилди

Фейсбукда ташкил этилган Истеъмолчи.uz (Потребитель.uz) Ўзбекистон истеъмолчилари ноформал ташкилоти саҳифаси фойдаланувчилардан бирининг аризаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг эътиборига тушди.

Ушбу саҳифа фойдаланувчиларидан бири кеча гуруҳдошларидан ёрдам сўраб мурожаат қилган. Унинг ёзишича, Тошкент шаҳрининг Спутник-1 даҳасида жойлашган 1-сонли туғруқ мажмуасида соат 16:00 арафасида чироқ ўчиб қолган.

1,5 соат чироқ келавермагач, она 1055 рақамига қўнғироқ қилиб, туғруқхонадаги чақалоқлар аппаратларга улангани, хусусан ўзининг фарзанди ҳам ваккумда ётганини маълум қилгач, унга ярим соатда чироқ ёнишини маълум қилишган. Бироқ вазият муддатидан аввалроқ ҳал қилинган, мурожаатдан 2 дақиқа ўтар ўтмас туғруқхонага чироқ келган.

Фойдаланувчи шу ўринда туғруқхонада ана шундай вазиятларда ишлатса бўладиган генератор йўқлигининг сабаби билан қизиқиб, бу борада кимга мурожаат қилишни Фейсбук фойдаланувчиларидан сўраган.

Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида туғруқхона бош шифокори вазифасини бажарувчи Маҳбуба Назирова билан боғланганимизда у ушбу вазиятни қуйидагича шарҳлади:

“Туғруқхонамизда кеча чироқ ўчиб қолгани рост, бироқ бунинг оқибатида ҳеч қандай фавқулодда ҳолат юз бермади. Аслида бундай ҳолларда ишлатадиган иккинчи электр тармоғимиз ҳам бор. Бизга электр тармоғидагилар чироқни 15-20 дақиқада берамиз дейишгани сабабли биз уни улашга эҳтиёж сезмадик. Электр билан ишлайдиган ускуналарга тўхталадиган бўлсак, ҳозирда деярли барча туғруқхоналарда замонавий ускуналар мавжуд бўлиб, улар чироқ ўчган ҳолда ҳам 2 соатгача узлуксиз ишлаш қувватига эга” – дейди Маҳбуба Назирова.

Шунингдек ҳозирда мазкур вазият юзасидан Соғлиқни сақлаш Вазирлиги ҳам тушунтириш талаб қилгани ва ҳозирда туғруқ мажмуаси маъмурияти тушунтириш хати ёзаётганлигини маълум қилди.

    Бошқа янгиликлар