АсосийJamiyat

ХАЛҚАРО ТИЖОРАТ АРБИТРАЖИГА ОИД ҚОНУН ТАЙЁРЛАНМОҚДА

'ХАЛҚАРО ТИЖОРАТ АРБИТРАЖИГА ОИД ҚОНУН ТАЙЁРЛАНМОҚДА'ning rasmi

ХАЛҚАРО ТИЖОРАТ АРБИТРАЖИГА ОИД ҚОНУН ТАЙЁРЛАНМОҚДА

Пойтахтимизда “Ўзбекистоннинг ҳуқуқий тизимида арбитраж муҳокамасини такомиллаштиришнинг долзарб масалалари: миллий амалиёт ва халқаро тажриба” мавзуида халқаро илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Адлия вазирлиги, Тошкент давлат юридик университети ва Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Адлия, Иқтисодиёт, Молия ва Ташқи савдо вазирликлари, халқаро тижорат арбитражларининг арбитрлари, адвокатлар ва ҳуқуқшунос олимлар қатнашди.

Семинарда мамлакатимизда қулай инвестиция муҳити ва ишбилармонлик ҳолатини яхшилашга қаратилган изчил чора-тадбирлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

– Тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини муҳофаза қилишда арбитраж муҳим ўрин тутмоқда, – дейди Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Халқаро тижорат арбитраж суди раиси Файзулла Отахонов. – Халқаро доирада юзага келган иқтисодий низолар ҳал этилишида бу тизим ўзининг қулайлиги, тезкорлиги билан ажралиб туради. Бунда тижорат сирларини сақлаш, бизнес вакилининг ишчанлик обрўсини юқори даражада ҳимоя қилишни таъминлашга эътибор қаратилади.

Ўзбекистонда мазкур соҳада изчил ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, мамлакатимиз 1993 йил 7 май куни ташқи иқтисодий фаолиятни рағбатлантириш, Ўзбекистон Республикасида хорижий инвесторларнинг халқаро миқёсда эътироф этилган кафолатларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш мақсадида "Давлатлар ва ажнабий шахслар ўртасидаги инвестицияга доир низоларни ҳал этиш тартиби тўғрисида"ги (1965 йил, Вашингтон) ҳамда 1995 йил 22 декабрь куни "Чет эл арбитражлари қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисида"ги (1958 йил, Нью-Йорк) конвенцияларга қўшилган.

Бу йўналишдаги ишларнинг мантиқий давоми халқаро тижорат арбитражига оид қонун қабул қилишдир. Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикасининг “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси тайёрланди.

– Ўзбекистон иқтисодиёти жадал ривожланиб бораётган мамлакат ҳисобланади, – дейди “Betto seraglini” халқаро адвокатлик ташкилоти вакили Жульен Фурэ (Франция). – Иқтисодиёт ривожида эса инвестициялар, инвесторлар муҳим ўрин тутади. Улар фаолиятининг кафолатларини таъминлашда халқаро тижорат арбитраж суди муҳим ўрин тутади. Бу соҳани ривожлантиришга, тегишли қонун қабул қилишга эътибор қаратилаётгани қулай бизнес муҳити мустаҳкамланишига хизмат қилади. Ана шу мақсадларга қаратилган бугунги тадбир шу жиҳатдан жуда фойдали фикр-мулоҳазаларга бой бўлди.

Тижорат арбитражи тушунчаси, принциплари ва афзалликлари, халқаро тижорат арбитражларининг ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижро этиш тизимини такомиллаштириш, арбитраж битими тушунчаси ва ҳуқуқий табиати, халқаро тижорат арбитражларининг ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижро этиш бўйича иқтисодий судларнинг амалиёти каби масалалар муҳокама этилган семинар якунлари бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.

    Бошқа янгиликлар