АсосийSUG'DIYONA

КЕЛИН ЭРИНИ ҚАЙНОНАСИГА ЁМОНЛАСА...

'КЕЛИН ЭРИНИ ҚАЙНОНАСИГА ЁМОНЛАСА... 'ning rasmi

Қайнона ва келин — оила саҳнасида бош роль ижрочиси бўлган аёллар. Гоҳида улар рақобатчига айланади, гоҳида иттифоқчига. Энг қизиғи, баъзида келинпошшалар қайнонасига эрларидан шикоят ҳам қилишади, ҳатто ёмонлашга ҳам журъат этишади. Нима учун? Бунинг оқибати қандай бўлади? Аслида бу усул қанчалик ўзини оқлайди? Мавзуни руҳшунос Барно ИЛҲОМОВА билан биргаликда таҳлил қиламиз.

Нима учун?

1-воқеа: «Не-не орзу-умидлар билан тўй қилгандим. Келинимни ўғлимнинг ўзи севиб танлади. Охирги пайтларда унинг кўнглига қулоқ тутиб адашдимми, деб ўйлаб қолаяпман. Келиним «Ўғлингиз жуда рашкчи», «Болангизнинг қўлидан бир иш келмайди!» деб ҳар куни бир гап топади. Назаримда, у ўғлимни яхши кўриш тугул, ҳурмат ҳам қилмайди. Бўлмаса, туққан онасига ёмонлармиди? Мақсади нима бу келиннинг?»

Ҳа, қайнонасига эридан нолийдиган келинларнинг мақсади нима? Дийдиёларининг илдизи нимага бориб тақалади?

Тажрибасизлик. Оилавий ҳаётда ҳали етарлича билимга эга бўлмаган, эрининг феъл-атворини тамоман билмайдиган ёш келинчаклар гапга чечан, оилада ҳамма нарсани билиб, назорат қилиб туриши шарт бўлган қайнонасига ишониб тиш ёради.

Ҳамфикрлик. Яъни «Қайнонам мени тушунади, қўллайди» деган хаёл билан ҳеч иккиланмасдан дардини дастурхон қилади. Чунки қайнонаси айнан шу борада келинга «ўрнак кўрсатган». Келиннинг ёнида ё турмуш ўртоғидан, ё ўғлидан ёзғирган.

Ҳимоя. Айрим келинлар «Ўғлингизни биласиз-ку, айтганини қилмасам, ҳамма жойни остин-устун қилиб ташлайди», «Болангиз босиқ, тушунган одам бўлганида, хизматингизни қилардим», дея ўзларини оқлаб, ҳимоялаб олишади. Бу билан «Менга ўғлингизнинг ҳунарлари ҳам етарли, сиз ортиқча талаблар қўйманг», дея қайноналарининг оғзини ёпишни исташади.

Аламзадалик. Қайнона-келин ўртасидаги муносабатнинг ижобий эмаслиги ҳам сабаб бўлади. Келин таъналари билан қайнонасидан аламини олишга уринади. Шунинг учун ҳар икки гапининг бири «Мана, сиз дунёга келтириб, тарбиялаган одамнинг аҳволи», деган маънони англатиб туради.

«Мен бечораман» дастурини ёқиш. Эрини золим, ўзини мазлум кўрсатиш орқали қайнонасини унга ачинишга мажбур қилади. Шу билан гўёки ўзини бошқа муаммолардан ҳимоялайдигандек туюлади. Ахир «Ўғлимга чидаб яшаётган шу бечорага раҳмат», дея қайнона ҳам келиннинг кўзига қараб туради-да.

Нима бўлади?

2-воқеа: «Турмушимизнинг илк йилларида эрим билан тил топишиб кетишимиз қийин бўлган. Қайнонам билан эса тез дугона бўлиб олганмиз. Шунгами, турмуш ўртоғим қаттиқ гапирса ҳам, нимадир хато қилса ҳам, онасига айтардим. Тўнғичим туғилгач, эр-хотин иккимизнинг ўртамизда катта жанжал чиқди. Мен доимгидек қайнонамдан нажот кутдим, у киши эса «Сизнинг ўзи аввалбошдан ниятингиз ажрашиш эди», дея оловга мой сепди...»

Мана, оқибатнинг бир кўриниши. Сиз юқоридаги қай бир сабаб туфайли умр йўлдошингиздан уни дунёга келтирган аёлга арз қилдингизми, қуийдаги натижаларга ҳам тайёр туринг.

ЙЎҚОТАСИЗ, ишонч, ҳурмат ва муҳаббатни. Сизни ўғлининг жуфти ҳалоли дея қабул қилган аёл энди иккиланиб қолади. «Ўғлимни хотини ҳурмат қилмайди, севмайди, ардоқламайди», деган фикр хаёлига келиши ҳеч гапмас. Келинлар, ҳар бир она фарзанди ҳамма жойда севимли ва ардоқли бўлишини истайди. У қизғанчиқ бўлса ҳам, ўғлини аёли севса, ранжимайди, аксинча ғурурланади. Ва боласининг ёмонини яшириб, яхшисини ошириб яшаётганингиз учун сизга меҳр қўяди.

Қўрғонингиз сирини СОТАСИЗ. Эр-хотин муносабатларида битта муаммони ташқарига олиб чиқдингизми, қўрғонингиз деворида бир тирқиш ҳосил бўлди деяверинг. Энди ундан шамолми, ёмғирми, дўлми ёпирилиб кираверади. Оқибатда қайнонангиз ётоқхонангизгача кириб келади. Яъни жуфтингиз билан ўзаро ниманидир ҳал қилолмайсиз, чунки қайнонангиз сизларнинг тилингиз бир эмаслигини яхши билади.

Хато устига ХАТО ҚИЛАСИЗ! Эрингиз сизнинг эрингиз, қайнонангизнинг эса ўғли. У ўғил сифатида жуда яхши фарзанддир балки. Сиз билан муносабатларда хатога йўл қўяётган бўлса, қайнонангиз уни йўлга солиб бериши даргумон. Аксинча, турмуш ўртоғингизни сиздан совутиши мумкин бу «ҳунарингиз». Ахир оилали эркак хотинининг гапини деб, онасининг олдида бош эгиб турса, «тарбия дарси» унга таъсир қилармикан?

Қайнонангизни озорлайсиз. Шу аёлнинг ўрнига ўзингизни бир қўйиб кўринг, юрагингиздан яралган юрагингизни кимдир ёмон деса, чидаб тура оласизми? Болангизнинг хатоларини билсангиз ҳам, уларни юзингизга солишса, қалбингиз озорланмайдими? Қайнонангиз ҳам сиздек жигарпорасига фақат ва фақат яхшиликни соғиниб кўкрак тутган, болам яхши инсон бўлсин, дея алла айтган, тунлар уйқусидан, кунлар ҳаловатидан воз кечиб улғайтирган. Шунинг учун эрингиздан нолишларингиз қайнонангизнинг онг остида «Шунча йиллик умринг, меҳнатинг, шу болангга берган меҳринг увол кетипти» тарзида янграйди ва азобланади. Биласиз, типратикан ҳам боласини юмшоғим, дейди. Демак, бу усулингиз иш бермайди, қайнонангиз барибир сиз томон бўлмайди.

Аламга қарши алам. Турмуш ўртоғингизнинг хурмача қилиқлари дастидан дод деб, аламингизни қайнонангизга тўкиб солдингиз. Кунлар, ойлар ўтиб, дока рўмол қуриса ҳам, қайнонангиз юрагига берилган озор унутилмайди. Хиёнаткор, жафокаш эрингиз оилапарвар, болапарвар бўлиб қуйилиб қолганида, у оилангизнинг тинчлигига ўзи билиб-билмай рахна сола бошлайди. Чунки бир пайтлари ўғлини ёмонга чиқарган келинда алами бор.

Фото:

Қандай йўл тутиш керак?

3-воқеа: «Турмуш ўртоғим ёмон одаммас. Яқинда лавозими кўтарилди-ю, ўзгариб қолди. Сўнгги вақтларда кўп ичаяпти. Бу йўлдан қайтаришга ўзимнинг кучим етмаяпти. Қайнонамга айтсам, танобини тортиб қўярмиди?»

Қайнонага лом-мим демасдан, ҳаммасини ичга ютиб яшаш ҳам ўзини оқламайди. Ҳарҳолда у эрингизни сиздан яхшироқ билади, ўзи тарбиялаган. Фақат йўналишни тўғри олишни билиш керак.

Таъна қилманг, маслаҳат сўранг. Бунинг учун оғиз жуфтлашдан олдин мақсадингизни ойдинлаштиринг. Ниятингиз кўмак олишми, нутқингизда қайси сўзларни ишлатаяпсиз, гапириш оҳангиз қанақа — шуларга эътибор беринг. «Ўғлингиз жонимдан тўйдирворди, кўп ичаяпти» эмас, «Ойижон, охирги пайтларда хўжайиним тез-тез ичаяпти. Нима қилсак бўларкан? Соғлигидан хавотирдаман» қабилида гапиринг.

Ачинишини эмас, ёрдамини кутинг. Ачиниш сўзининг негизида аччиқ сўзи ётади. Ачиниш, бу — яна бир одамнинг сизга қўшилиб азобланиши, холос. Ҳеч қачон атрофдагиларда ачиниш ҳиссини уйғотиш учун кўз ёши қилманг, кимгадир лой чапламанг. Бу — уят! Ёрдам сўрашнинг эса ҳеч хижолатли жойи йўқ. Эрингиз бошқасига илакишиб қолганми, ўзингиздан дарров бахтиқарони ясаманг-да, дадиллашинг, қайнонангиздан оилангизни асрашда ишонч билан ёрдам сўранг. Токи қайнонангиз ўғли сиз билан бахтли бўлишига, хотиржам яшашига ишонсин.

Бечорага айланманг, уддабурон бўлинг. Муаммо туғилганда, ҳамма бошингизни силаса, сизнинг кўнглингизга қараса, ёқиб тушади. Аммо чора топилмайди. Умр йўлдошингизга ота-онаси яхши тарбия бермаяпти, улар бу масалага нотўғри ёндашишибди, мараҳамат, энди саҳнага сиз чиқинг ва аёллик ролингизни қойиллатиб ўйнанг. Ўзингизни жабрдийда кўрсатиб, эрингизни қора ер қилгунча, эрни эр қилгувчи хотин бўлинг. Яна бир ҳақиқатни унутманг, масалан, «Болангиз яхши топмайди», дея гапирганингиз эртага борингизни ҳам йўққа чиқариши мумкин, нолийверсангиз, муаммоларингиз баттар урчийди.

МУХЛИСА.

Манба: «Sug'diyona» газетаси

Бошқа янгиликлар