Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизматининг хабарларига кўра, мамлакатимизда зиёрат туризми ассоциация ташкил этиш бўйича саъй-ҳаракатлар бошланган. Бу ҳақда Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази директори Ш.Миноваров маълум қилди.
Мамлакатимизда зиёрат туризмини ташкил этиш бўйича қилинаётган ишларни жадаллашлатириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва юртимиздаги энг етакчи сайёҳлик фирмалар иштирокида ишчи йиғилиш ўтказилди.
Унда туризм соҳасини жадал ривожлантириш учун қулай муҳитни шакллантирган ҳолда юртимизга келадиган сайёҳлар оқимини кўпайтириш йўналишида зиёрат туризми ташкил этилаётганини таъкидлади.
Шунингдек, мусулмон давлатлари, айниқса, Малайзия, Индонезия каби мамлакатлардан Ўзбекистондаги муқаддас қадамжоларга сайёҳларни жалб қилиш бўйича ишлар жадал кетаётганини алоҳида қайд этди. Ш.Миноваров сўзида давом этиб, бу бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси, “Ўзбектуризм” ташкилоти билан ҳамкорликда амалий ишлар олиб борилаётганини маълум қилди.
Мажлис иштирокчилари йиғилишда сўзга чиқиб, зиёрат туризми бўйича гидларни қайта тайёрлаш, маълумотнома китобчаларининг янги таҳририни нашр этиш, тарқатма материаллар, буклетлар, баннерлар, слайдлар тайёрлаш, муборак қадамжоларни зиёрат этиш одобларини ишлаб чиқиш, аэропорт ва виза бериш хизматларини енгиллаштириш ҳамда хорижий ҳамкорлар, элчихоналар билан алоқаларни ривожлантириш масалалари юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди.
Шунингдек, зиёрат туризми бўйича хориж давлатлари тажрибасини ўрганиш, чет эл мамлакатларида ташкил этилаётган сайёҳлик кўргазмаларида қатнашиш ва реклама тадбирларини самарали ташкил этиш бўйича таклифлар қўллаб-қувватланди.






