“Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2017 йил тўққиз ойлик ижроси тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи “Миллий тикланиш” партиясининг дастурий мақсадлари ва сайловолди Платформасида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда кўриб чиқилди ва атрофлича муҳокама қилинди.

Таъкидландики, мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш борасида амалга оширилган комплекс чора-тадбирлар натижасида 2017 йилнинг 9 ойлиги давомида Давлат бюджети тасдиқланган параметрларга мувофиқ амалга оширилиб, ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз миқдорда профицит билан ижро этилган. Инфляция даражаси эса белгиланган прогноз кўрсаткичларидан ошмаган.
Илм-фанни ривожлантиришга, шунингдек, бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида мавжуд 300 дан ортиқ илмий-тадқиқот марказлари, илмий-ишлаб чиқариш ташкилотлари ва инновацион марказлар учун ҳисобот даврида Давлат бюджетида 171,0 млрд. сўмлик маблағлар сарфланди.
Ижтимоий харажатларнинг асосий қисмини ёки 59,5 фоизини ташкил этган таълим тизими муассасаларини сақлаш ва уларни ривожлантириш харажатларига Давлат бюджетидан 11 555,1 млрд. сўм маблағ ажратилди.
Айни пайтда, шаҳар ва қишлоқ жойларда аҳоли турмуш шароитини янада яхшилашни таъминловчи арзон уй-жойларни қуриш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ва модернизация қилиш борасидаги кўзда тутилган ишлар бажарилиши эса фуқароларимизнинг муносиб ҳаёт кечиришларига, турмуш даражаси сифати ошишига имкон бераётганлиги эътироф этилди.
Фракция вакиллари мамлакатда барқарор ва замонавий ишлаб чиқаришнинг мавжудлиги ҳамда изчил ривожлантирилаётганлиги, экспорт ҳажмининг кўпайиб бораётганлиги, аҳоли харид қобилиятининг тобора ортаётгани ялпи ички маҳсулот ҳажмининг ўсишини таъминлаётганлигига алоҳида эътибор қаратдилар.
Айниқса, “Миллий тикланиш” демократик партиясининг дастурий мақсадларига уйғун тарзда иқтисодиётни диверсификация қилиш ва таркибий ўзгартириш, ишлаб чиқаришга энг замонавий, илғор технологияларни жорий этиш орқали уни модернизациялаш жаҳон майдонида миллий иқтисодиётни рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилмоқдалиги таъкидланди.
Муҳокамалар чоғида фракция аъзолари Ҳукумат томонидан тақдим этилган ҳисоботларни қўллаб-қувватлаб, партия дастурий мақсадларидан келиб чиққан ҳолда, мамлакат бюджетининг ижроси билан боғлиқ бир қатор масалаларга эътибор қаратдилар.
Аввало, партия сайловолди платформасида кўзда тутилган экспорт қилувчи корхоналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, экспортни диверсификация қилиш, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сотиш учун янги бозорларни ўзлаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни тизимли давом эттириш;
Бюджетлараро муносабатларни янада такомиллаштириш асосида маҳаллий бюджетларнинг даромад қисмини мустаҳкамлаш, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан мавжуд имкониятлар ҳамда резервлардан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.
Қизғин кечган баҳс-мунозаралар, савол-жавоблар ва билдирилган фикр-мулоҳазалар ҳамда таклифлар асосида Фракциянинг ушбу масала юзасидан тегишли қарори қабул қилинди.






