Хоразмнинг Хазорасп туманида 28 ёшли йигитни эҳтиётсизлик натижасида поезд уриб кетди, дея маълум қилди Хоразм вилоят ИИБ.
Хабарда айтилишича, Хазорасп туманида яшаган 1989 йилда туғилган Қ. Бобур 14 октябрь куни тунги пайтда Хазорасп тумани ҳудудидан ўтган темир йўлни пиёда кесиб ўтишда эътиборсизликка йўл қўйиши оқибатида поезд уриб юборди ва олган тан жароҳати туфайли ҳодиса жойида вафот этди.
ИИБ вакиллари фуқароларга: «Ҳурматли фуқаролар, бугунги кунда, аҳолининг узоғини яқин қилиш ҳамда улар учун қулай шароитлар яратиш мақсадида турли йўналишларда тезюрар поездларнинг қатнови йўлга қўйилиши кутилаётганлиги сабабли темир йўлларимизда ҳаракатланаётган поездларнинг сони ва тезлиги сезиларли даражада ортади. Шу боис темир йўл кесишмаларида ва темир йўлларга яқин жойларда хавфсизлик қоидаларига риоя қилсак, содир бўлиши мумкин бўлган турли бахтсиз ҳодисаларнинг олди олинади», деб мурожаат қилди.ᅠ






