— Иккиёшгача бола парваришига бериладиган нафақани олиш учун 6 ойдан буён ҳужжат тўплайман. Маҳалла раиси айтган ҳужжатни олиб борсам ҳам, ҳар гал бошқасини айтади. Фарзандим ҳам олти ойлик бўлиб қолди. Яна шундай овварагарчилик давом этса, икки ёшга ҳам киради. Аслида 2 ёшгача тўланадиган бола пулини олиш учун маҳаллага қандай ҳужжатлар тақдим этилиши керак?
Нурмуҳаммад Эгамбердиев, Қашқадарё вилояти, Ғузор тумани
А.Мирзажонов, Фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши раисининг ўринбосари:
— Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги 44-сонли қарор билан тасдиқланган Низомнинг III-боб, 12-бандига асосан болали оилаларга нафақа ва моддий ёрдам ариза берувчининг доимий яшаш (рўйхатдан утиш) жойи буйича фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан оила бошлиғи ёки бошқа муомлага лаёқатли оила аъзосининг ёзма аризаси асосида, шунингдек, бола парвариши бўйича нафақа боланинг онаси ёки унинг ўрнини босувчи шахснинг аризаси асосида тайинланади. Низомнинг 13-бандига мувофиқ ариза фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органи раиси номига берилади.
Аризага қуйдагилар илова қилинади:
- оиланинг таркиби ва даромадлар тўғрисидаги маълумотлар ҳамда ушбу даромадларни тасдиқловчи ҳужжатлар;
- болали оилаларга нафақа ёки бола парвариши бўйича нафақа олиш учун болаларнинг туғилганлик гувоҳномалари нусхалари;
- агар болалар васийликка олинган бўлса — васийлик ва ҳомийлик органининг қароридан кўчирма.
Бундан ташқари, моддий ёрдамга эҳтиёжмандлик тўғрисидаги аризага, ариза берувчининг хоҳишига кўра, оиланинг эҳтиёжмандлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар ҳам илова қилиниши мумкин.
Болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ёки моддий ёрдам тайинлаш учун ариза оила ушбу нафақа ёки моддий ёрдамни олиш истаги бўлган ойдан олдинги ойнинг 15-санасидан кечиктирмай берилади.






