-Фарзандим болаликдан туғма ногирон мақомини олганига икки йил бўлди. Отаси иккимиз ишлаймиз. Яқинда болаликдан ногирон фарзанди бор ота ёки она тўртта энг кам ойлик иш ҳақи миқдоридаги ойлик маошидан солиқ имтиёзига эга эканини эшитиб қолдим. Аммо шу пайтгача биз бу имтиёздан фойдаланмаганмиз. Энди ҳам икки йилги солиқ имтиёзини, уй солиғига йўналтиршимиз мумкинми?
Мадина Турсунова,Тошкент шаҳри
-Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 180-моддаси иккинчи қисми 12-бандига мувофиқ, болалигидан ногирон бўлган, доимий парваришни талаб қиладиган фарзанди билан бирга яшаб, уни тарбиялаётган ота-онадан бири даромад олинган ҳар бир ой учун энг кам иш ҳақининг тўрт баравари миқдоридаги даромадлар бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинган. Ушбу имтиёз пенсия гувоҳномаси ёки соғлиқни сақлаш муассасасининг доимий парвариш зарурлигини тасдиқловчи тиббий маълумотномаси ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг биргаликда яшаш ҳақидаги маълумотномаси асосида берилади. Бунда, имтиёзларга бўлган ҳуқуқлар календарь йили давомида вужудга келган тақдирда, имтиёзларга бўлган ҳуқуқлар вужудга келган пайтдан эътиборан қўлланилади. Шунингдек, ушбу имтиёзни қўллаш жисмоний шахснинг асосий иш (хизмат, ўқиш) жойи бўйича, асосий иш жойи бўлмаган тақдирда – яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органлари томонидан жами йиллик даромад тўғрисидаги декларация асосида солиқни ҳисоблаб чиқариш чоғида амалга оширилади. Имтиёзга бўлган ҳуқуқ йўқотилган тақдирда, жисмоний шахс имтиёз йўқотилган пайтдан эътиборан ўн беш кун ичида бу ҳақда ундан солиқни ушлаб қоладиган юридик шахсга маълум қилиши керак. Юқоридагилардан келиб чиқиб, болалигидан ногирон бўлган, доимий парваришни талаб қиладиган фарзанди билан бирга яшаб, уни тарбиялаётган ота-онадан бири пенсия гувоҳномаси ёки соғлиқни сақлаш муассасасининг доимий парвариш зарурлигини тасдиқловчи тиббий маълумотномаси берилган санадан бошлаб имтиёзни қўллашга ҳақли. Бундан ташқари, мазкур имтиёзни қўллаш натижасида ҳосил бўлган пул маблағларини қонунчиликда белгиланган тартибда қайтариб олишингиз ва ўз ихтиёрингизга кўра фойдаланишингиз мумкинлиги маълум қилинади.
Манба: «Sug'diyona» газетаси






