АсосийSUG'DIYONA

ДИЛСЎЗДАН БАЙРАМОНА «ШОК ШЕРИДАНС» ШИРИНЛИГИ

'ДИЛСЎЗДАН БАЙРАМОНА «ШОК ШЕРИДАНС» ШИРИНЛИГИ'ning rasmi
Одатда байрам кунлари аёллар ошхонада куймаланишни исташмайди. Лекин байрам байрамдек ўтиши учун бирор ширинлик ҳозирлаш лозим. Хонанда ДИЛСЎЗ «сих ҳам, кабоб ҳам куймайдиган» йўли – кам вақт талаб қиладиган, таъми оғзингизда қоладиган махсус ширинлик тайёрлашни ўргатади. "Даракчи" газетасининг "Ўзбегим ошхонасига" лойиҳасининг суратга олиш ишлари «Шедевр Гарден» ресторанида бўлиб ўтди…

14 КИШИЛИК ШИРИНЛИК учун зарур масаллиқлар:

  • 1 литр қаймоқ,
  • 150 гр. сут,
  • 250 гр. шакар,
  • 4 тадан оқ ва қора «плитка» шоколади.

Тайёрланиши:

1-жараён:

Тоғорачага сутни қуйиб, шакар солиб миксерда кўпиртирамиз. Шакар эригач, устига қаймоқни қуйиб, яна кўрпиртиришда давом этамиз. Миксерни кўтарганингизда қоришма ўртача суюқликда идишга оқаётган бўлса, билингки тайёр ҳолга келган. Устига «целлофан» ёпиб, музлатгичга қўйиб қўямиз.

2-жараён:

Оқ ва қора «плитка» шоколадини алоҳида-алоҳида идишларга солиб, устига 50 грамдан сут қуямиз. Ва уларни «сув ҳаммом»ида эритиб оламиз. Шоколадни газдан олиб, совишини кутамиз. Вақти зиқ уй бекаларимиз музлатгичда совитишлари ҳам мумкин.

3-жараён:

Сут, шакар ва қаймоқдан ҳосил бўлган масаллиқни тенг иккига бўлиб, бирини устига оқ, иккинчисига қора шоколад эритмаси қуйилади. Ва қошиқда секин ҳаракатлар билан аралаштирилади. Тез-тез ҳаракат қилсангиз қоришма кўпириб кетиши мумкин.

Сўнг 2 та «целлофан»га оқ ҳамда қора масаллиқни соламиз. Аввалдан тайёрлаб қўйилган финжонга «целлофан»даги қоришмани тенг миқдорда сиқиб чиқарилади.

Бу жараён учун албатта икки киши керак бўлади. Энг сўнгги жараён финжонни охиста силкитилса, оқ ва қора қоришма жойлашади. Устини табга кўра шоколад қириндиси билан безатиш мумкин.

Деярли тайёр ҳолга келган ширинликни ярим соатга музлатгичга қотиришга қўйиш керак.

Инобатга олинг!

  • Борди-ю масаллиқлар совуқ ҳолда бўлмаса, яхши кўпирмайди. Шу сабаб барча масаллиқлар музлатгачда туриши шарт.
  • Оқ-қора «плитка» шоколади «сув ҳаммом»ида эригач, уни сувишини кутмай илиқ ҳолда ишлатилса, қоришма суюлиб кетади.
  • Агар шоколад эритмаси қуюқ бўлиб қолса, устига 20 гр. сут қуйиб суюлтирса бўлади.

ДИЛСЎЗДАН ФОЙДАЛИ МАСЛАҲАТЛАР

Ошхонада...

  • Тухум қайнатаётганингизда сувга бир чимдан туз солиб юборинг. Шунда тухум ёрилмай пишади.
  • Цитрус ва помидорни музлатгичга қўйманг. Паст ҳарорат бу «инжиқ» маҳсулотларни таъми ва ҳидини бузади.

Рўзғор тутиш...

  • Деразалар чиннидек тоза бўлишини истасангиз, крахмал солинган сувда ювинг. Музлаб қолган деразани ош тузи солинган сувда тозаласангиз бўлади. Хира ойналарни сирка аралаштирилган иссиқ сувда ювиш мақсадга мувофиқ.
  • Янги супургини ишлатишдан аввал қайноқ тузли сувга тиқиб олсангиз ёки номокоп сувда 2-3 соатга қолдирсангиз у сизга анча вақт хизмат қилади.
  • Линолеумни 60 фоизли кир совунда илив сув билан ювиш керак. Паркетни эса фақат совуқ сувда, тахта полни дарё қуми билан тозалаш керак.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА. Фотомухбир: Ислом РЎЗИЕВ

    Бошқа янгиликлар