Истеъмолчининг бирхиллаштирилган ягона шахсий рақамидан фойдаланган ҳолда Коммунал хизматларнинг ягона биллинг тизими 2018 йил 1 августгача ишлаб чиқилиши ва ишга туширилиши даркор. Бу Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Уй-жой-коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, энергия таъминоти ташкилотларига топширилган. Ягона интегратор тизимнинг ишини ва узлуксиз фаолият кўрсатишини мувофиқлаштириш учун масъул ҳисобланади.
Биллинг тизими истеъмолчиларга ҳисоб тақдим этади ва ҳисобварақлардаги пулларни, уларни коммунал хизматлар етказиб берувчиларининг амалдаги тарифлари бўйича ўтказиш ва ҳисобдан чиқаришни назорат қилади. Шунингдек, унинг вазифасига ҳисоблагичларни бошқариш ҳам киради: истеъмолчиларга коммунал хизматлари кўрсатишни активлаштириш ёки блокировка қилиш.
Тизим воситасида коммунал хизмат кўрсатиш соҳасига интерактив хизматлар жорий қилинади. Масалан, электрон тўлов тизимлари.
Коммунал хизматлар етказиб берувчилари тизимга босқичма-босқич уланади: 1.01.2019 йилгача – электр ва газ таъминоти; 1.01.2021 йилгача – ичимлик сув таъминоти, канализация ва иссиқлик таъминоти.






