- Кечки овқатга нима тайёрлай?
- Лағмон!
- Сен нима ейсан, ўғлим?
- Манти!
- Менга эса чучвара пишириб беринг, жуда егим келаяпти.
Оила аъзоларингизнинг бу каби талабини бажариш учун хамир қоришу, пишир-куйдирга вақт орттиролмайсизми? Балки хамир ёйишга эринарсиз?! Тиниб-тинчимас мухандислар оғирингизни енгил қилиш мақсадида ўзи хамир ёядиган мослама ихтиро қилишди. Ҳа-ҳа, энди хамирни осонгина ёйиб, лағмону спагетти, ҳатто норинни ҳам ярим соатга қолдирмай дўндириб ташлайсиз. Хўш, мавзу қизиқтириб қўйдими?! Унда қолганини эшитинг.
Сизга қайсиниси?
Барчамизга маълум ва машҳур бўлган, лағмон хамирини чўзиб, норин ҳамирини тўғраб берадиган аппаратимизнинг ҳунари яна кўпайди. Унда энди бемалол чучварани ҳам тугишингиз мумкин.
Унинг бир қанча тишлари бўлиб, уларнинг хусусиятлари қуйидагилардан иборат:
- Лағмон хамирини чўзади
- Лазанья (бизнинг шилпилдоқ-да!) учун хамир тайёрлайди
- Спагетти ҳам доим тайёр
- Чучвара тугишга шай
- Қайла учун хамир тайёрлайди (Reginette)
- Итальянча паста учун лағмон хамирини тайёрлаши мумкин (Fettuccine)
Ана шундай хусусиятлари билан Италияда ишлаб чиқарилган «Multipast wellness» (соғлом турмуш мултипастаси) маиший аппарати сизни лол қолдириши турган гап. Мосламага нафақат анъанавий чучвара масаллиғи балки бошқача масаллиқларни солиб хам турли-туман баракларни тайёрлаш, тугиш мумкин. Мисол учун турли хил мева жемларидан фойдаланиб, пиширик тайёрласа ҳам бўлади. Уларнинг бир текисда тугилаётганини кўриб бахри-дилингиз очилади. Дастурхонингиз кўрки бўлиб турганини кўриб икки ҳисса қувонасиз.
Ён дафтарингизга:
Энди сизга чучвара (Raviolini) хамирини тайёрлаш учун ретцеп тақдим этамиз.
Керакли масаллиқлар:
250 гр ун
4 дона тухум
Сув
Хамир ўртача қаттиқликда қорилади. Сўнг уни 5-6 бўлакка бўлиб, секин-аста машинанинг текис роликлари орқали ўтказасиз. Хамир ёпишқоқ бўлмаслиги, бир хил кенгликда ёйилиши ва ўртача юмшоқликда бўлиши лозим. Аппаратнинг ён томнида махсус мослама бўлиб, у орқали хамирингиз қалин ёки юпқа ёйилишини мослаштиришингиз мумкин. Хамирингиз тайёр бўлгандан сўнг, аппаратингизнинг тишларини ўзгартиринг, яъни чучвара тугадиган тишини ўрнатинг. Сўнг унинг устига хамирни иккига буклаб ўртасини аппаратнинг тишига жойлаштиринг ва баракнинг ичига солинадиган масаллиқни солинг-да, аста-секинлик билан дастагини айлантиринг. Ана мўъжиза бир пастда улар сувга тушишга тайёр ҳолга келади. Агар тугилган чучвараларни дастурхон устига 5-10 дақиқага ёйиб, қуритиб олсангиз 2-3 кун музлаткичда сақлаш имкониятига ҳам эга бўласиз.Шошиб турганингиза асқотади-я!
Эҳтиёт бўлинг!
Аппаратни тозалаш қулай ва осон. Аммо уни сувда ювиб бўлмайди. Ўзининг махсус чўткасида тозалашингиз лозим. Бундан ташқари унинг устига оғирроқ идиш ёки бошқа нарсаларни қўймаганингиз маъқул.
Иккинчи авлод
Биз сиз билан асосан барак тугиш аппарати ҳақида гаплашдик. Аслини олганда бу маиший техника бозор расталарини аллақачон эгаллаб олган бўлиб, бироқ унда чучвара тугиб бўлмасди. Унинг икки тури мавжуд бўлиб биринчи авлод вакили фақатгина
- Лағмон чўзиб
- Норин хамирини тўғраш
- Хамирни ёйиб берган бўлса,
Иккинчи авлод вакили бир нечта янги ҳусусиятлари билан аввалгисининг камчиликларини қоплаб кетади.
Қулай томони шундан иборатки столингиз устида унчалик катта бўлмаган ҳажмни эгаллайди. Вазни оғир эмас, тишларини ўзгартириш ҳам осон. Мосламанинг биргина «минус» тарафи бор. Агар буни шундай аташ мумкин бўлса, электр энергиясининг сарфланиши тарафдан хамёнингизга қимматга тушиши мумкин. Бордию мосламадан ҳафтада 1-2 марта фойдаланаман десангиз, ихтиёр ўзингизда .
Комола тайёрлади .
Манба: «Sug'diyona» газетаси






