Ҳаётни театрга, одамларни эса саҳнада роль ижро этаётган актёрларга қиёслашганини кўп эшитганмиз. Модомики, шундай экан, умримизнинг асосий қисми ўтадиган иш жойимиз ва ҳамкасбларни кимларга қиёслаш мумкин? Уларни сеҳрли базмда деб тасаввур қилиб кўрайлик-чи, нималар аён бўларкин?!
Оловиддин
Бундайлар ҳар қандай вазиятда ҳам нима қилиш кераклигини яхши билишади. Гарчи, расман раҳбар бўлмасалар-да, кўпчиликка таъсир ўтказиш қобилиятлари билан кўзлаган мақсадларига осонгина эришишади.
Уларнинг салбий жиҳатлари деярли йўқ. Аммо асалнинг ҳам ози ширин бўлганидек, бундай ҳамкасб билан доимо елкама-елка ишлаш мушкул. Нега деганда, уларнинг ишчанлиги туфайли сиз, ўзингизни ҳеч бир юмушга ярамайдигандек сезасиз.
Паризода
Келишган, нозик, ҳаракатчан ходималарни фаришталарга қиёслаш мумкин. Улар қачон қараманг, кўзгу олдида андармон бўлишади, ишлашлари учун эса ҳамиша нимадир етишмаётгандек... Боз устига, бир қарасанг, бошлари оғрийди, бир қарасанг, хонадаги шовқинни юраклари кўтаролмайди ёки ҳаво иссиқлик қилади. Хуллас, улар – жуда “нозиктабиат” ходимлар. Дам олиш кунлари ишлашга тўғри келганда ҳам баҳоналари тайёр туради. Шу сабабли, атрофдагиларда норозилик кайфиятини уйғотишади.
Аслида, “паризода”лар қийин шароитда ишлашлари лозим. Чунки ҳаддан ташқари юмшоқкўнгиллик уларни нозик кўнгилларини янада юмшатиб юбориши турган гап. Улар билан ишлаганда қаттиқўл бўлинг. Вазифаларини уддалай олишларига кўзингиз етса, асло кўмаклашманг.
Шум бола
Бундай инсонлар ҳар қандай юмушни ҳам қувноқ кайфиятда бажаришади. Уларни кўрганда ўз-ўзидан табассум қила бошлайсиз. Одатда, “шум бола”лар ўртамиёна ишчи бўлишса-да, жамоада ўз ўринларини топишади.
Баъзан турли қилиқлар, ҳазил-мутойиба билан ҳамкасбларини ишдан чағитишлари ёки ишни бир муддат тўхтатиб қўйишлари, диққатни жамлашга халал бериши мумкин. Шу боис улар билан муомалада камгапроқ бўлган маъқул.
Қора ботир
Кучсизларни ўз ҳимоясига оладиган, доим қўллаб-қувватлашга тайёр ходим, улар. Шу маънода “Қора ботир”лар ҳаётларини курашсиз тасаввур этишолмайди ва доимо қатъият билан ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишади. Баъзан бу жамоада хотиржамлик бузилишига олиб келиши мумкин.
Улар билан ҳазиломуз муомала қилмасангиз, жамоадаги ва умуман, ташкилотдаги муаммолар тобора катталашиши мумкин. У курашаётган масала сизга унчалик ҳам қизиқ эмаслигини шаъма қилиб қўйсангиз, тинчингизни бузишмайди.
Девлар
Улар шунчаки ўз вазифаларини бажариш билан банд бўладилар. Ташкилотга айтарли фойда ёки зарар келтиришмайди. Бироқ уларни икки гуруҳга – яхши ва ёмон “дев”ларга ажратиш мумкин. Яхши “дев”лар меҳрибон бўлишади, улардан яхши суҳбатдош чиқади. Ёмонларидан эса нима кутиш мумкинлигини ҳам билмайсан, киши. Улар билан жанжал юрак ҳуружи билан якунланиши ҳеч гап эмас. Яхшиларида деярли камчилик бўлмайди, бироқ ёмонлари ихтилоф келтириб чиқаришга уста бўлишади.
“Дев”ларни доим рағбатлантириб туриш учун уларнинг ишчан, чаққон ва киришимли эканликларига урғу бериб, мақтаб туринг. Бундай хусусиятлар ҳозирча ҳеч кўзга ташланмаётган бўлса-да, мақтовларингиздан кейин биринчи қадам қўйилганини сезасиз.
МАФТУНА тайёрлади.
Манба: «SUG‘DIYONA» газетаси






