АсосийSUG'DIYONA

СОНАМ КАПУР ИЛК РОЛИ УЧУН 30 КИЛО ОЗГАН!

'СОНАМ КАПУР ИЛК РОЛИ УЧУН 30 КИЛО ОЗГАН!'ning rasmi

Анил ва Суннита Капурнинг қизи Сонам Капур 1985 йил 9 июлда Мумбайда дунёга келади. 15 ёшида Осиё бўйлаб саёҳатга отланган бу қизалоқ ҳозирги кунда Ҳиндистоннинг ёрқин юлдузлари рўйхатининг биринчи қаторларини эгалламоқда.

Илк фильми

Кино муҳити Сонамга болаликдан маълум. Аммо у актриса бўлишни ҳаёлига ҳам келтирмаганини айтади. Сонамнинг “пири” Санжай Бхансали ва унинг онаси Лейла унга “Маъшуқа” фильмидаги бош ролни ижро этишни таклиф қилишганида, у ҳайратда қолган эди. Чунки унга бу роль таклиф қилинганда Сонам дўмбоққина қизча эди. Аммо актёрлик муҳитида ўсган Сонам тезда ўзини қўлга олиб, парҳезга ўтириб, бир қанча фурсат ичида 30 кг. га озиб, сарвиқомат ҳурлиқога айланади.

У илк бора 2007 йилда «Маъшуқа» (Возлюбленная) фильмида суратга тушади. Бу фильм Ҳиндистон кино прокатида инқирозга учраган бўлса-да, хорижда катта мувафаққият қозонади. Айнан мана шу фильмда суратга тушгандан сўнг машҳур «L'Oreal» косметик фирмаси Сонам Капурга Ҳиндистондаги фирма юзига айланиш таклифини қилади. Шу кунга қадар бундай эътиборга фақатгина Айшвария Рай муяссар бўлган эди. Шунингдек, Сонам Капур Anant заргарлик компаниясининг юзига ҳам айланган. 2009 йилдаги «Дели 6» фильми эса етарлича маблағ йиға олмайди, аммо таҳсинига сазовор бўлган.

Дадасига ўхшашни истаган қизча

«Отам билан биргаликда фильмда суратга тушишни истардим. Аммо афсуски дадам билан фильмларда ота ва қиз ролида суратга туша олмаймиз. Чунки отам жуда ҳам ёш кўринади», дейди Сонам кулиб. «Мен ҳам отамга ўхшашни жуда-жуда истайман. Мен ҳам худди у сингари томошабинни нафақат кўнглини очадиган, балки шу билан бирга, уни ўйланишга ҳам мажбур қиладиган фильмларда суратга тушишни истайман. Ноодатий фильмларда суратга тушишни орзу қиламан», дейди актриса.

Ногоҳ келган омад

2010 йил Сонам Капурга мувафаққият келтирди. У айнан ўша йили «Севги ҳикояларини ёмон кўраман» фильмида Имран Кхан билан биргаликда суратга тушади. Бу фильм Сонамни ҳам Ҳиндистонда, ҳам хорижда таниқли актрисага айлантиради. Бу фильмда суратга тушаётган пайтда Сонам фильм режиссёри ва сценаристи болливудлик Пунит Мальхотра билан учраша бошлайди. Афсуски, муносабатлар узоқ давом этмайди. Ҳозирги кунда эса бетакрор гўзаллик эгаси ёлғиз.

2010 йилда Джейн Остиннинг «Эмма» романи асосида суратга олинган «Айша» фильмида суратга тушган Сонам ўз ижроси учун яхши баҳо олади.

Сонам 2011 йилда «Йил фасллари» (Времена года) филмида Шахид Капур билан биргаликда суратга тушади. 2012 йилда эса Сонам иштирок этган «Италиянча ўғирлик» фильмининг ҳиндча талқини бўлган «Ўйинчилар» (Игроки) фильми кино прокатга чиқди.

Яширин истеъдод

Сонам ёшлигидан китоб ўқишни ёқтиради. Ҳатто баъзан мактабдаги кутубхоначи аёл унга бунча кўп китоб ўқиб кўзларини чарчатиб қўйиши мумкинлигини айтади. Китоб ўқишни севгани сабабдан бўлса керак, Сонамни жуда яхши ёзувчи ҳам дейиш мумкин. Шу билан бирга, Сонам жуда чиройли расм чизади. Спортнинг баскетбол турини ёқтиради. Ҳинд, панжоб, марати ва инглиз тилларида бурро гаплаша олади.

Ширин АКБАРОВА тайёрлади

Манба: "SUG‘DIYONA" газетаси

Бошқа янгиликлар