Муҳаббат ва ночорлик меваси. Дунёнинг энг бой ва таниқли инсонларидан бири бўлган Розалия Мера асли испаниялик оддий бир оила фарзанди. Унинг бизнес оламига кириб келиш тарихи эса дўконда Розалиянинг эътиборига тушган, аммо чўнтаги учун қимматлик қилган пижамадан бошланган.
Хотинининг пижамага тикилганини кўрган Розалиянинг эри Амансио эса таниқли бир дизайнернинг қўлида ишлаган ва тикиш сирларидан воқиф эди. У тезда севимли рафиқасига худди шундай пижама тикиб, совға қилади. Бундан оила бюджети ҳам зарар кўрмайди. Шу тариқа эр‑хотин пул жиҳатидан ҳаммабоп ва сифатли либослар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишади. Илк хомаки намуналардан тортиб тикишгача эр‑хотин ўзлари қилишарди. Кейинчалик содир бўлган воқеа уларнинг бизнесини янада ривожланиб кетишига сабаб бўлади. Розалия ва Амансио улгуржи савдо ҳам қилишарди. Аммо кунлардан бир куни катта сонли буюртма берган мижоз ўз фикридан қайтади ва буюртмани сотиб олишдан бош тортади. Ҳар бир ишда хайр бор, деганларидек Розалия бу воқеадан тушкунликка тушмайди, балки аксинча, эрига кичик бир дўконча очиб, ўша ерда қолиб кетган кийимларни сотишни таклиф қилади. Эр‑хотин дўкон очиб, унга Zorba – ўз севган фильм қаҳрамонининг номини беришади. Аммо дўконни ҳужжатлаштиришда туғилган муаммо сабабли Zara деб номлашади. Ҳозирга кунга келиб эса «Zara» бренди бутун дунёга танилган ва ҳар бир аёлнинг гардеробидан жой олган брендлардан бирига айланган.
Манба: «SUG‘DIYONA»газетаси.






