ҲОМИЛАДОР ЎРИНДОШНИ ИШДАН БЎШАТИБ БЎЛАДИМИ?
Агар ўриндош ҳомиладор аёл биргаликда бажараётган лавозимга бошқа ходим асосий иш тарзида ишга олинган бўлса, уни ишдан бўшатиш мумкинми?
Б.Зуфаров, кадрлар хизмати менежери
— Йўқ, мумкин эмас. Меҳнат кодекси 100-моддаси иккинчи қисмининг 5-бандида йўл қўйиладиган, унинг учун асосий иш ҳисобланадиган бошқа ходим ишга қабул қилинган тақдирда ўриндошлик бўйича ишлайдиган шахс билан меҳнат шартномасини бекор қилиш иш берувчининг ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш учун қўшимча асос ҳисобланади. Бироқ, Меҳнат кодекси 237-моддаси биринчи қисмининг мазмунидан келиб чиқишича, ҳомиладор аёллар ва 3 ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни иш берувчининг ташаббуси билан ишдан бўшатишга йўл қўйилмайди, корхона тўлиқ тугатилиб, албатта бошқа ишга жойлаштириш шарти билан меҳнат шартномаси бекор қилинадиган ҳоллар бундан мустасно.
Шу сабабли ҳомиладор аёл ўриндошлик бўйича бажараётган ишга унинг учун асосий иш ҳисобланган бошқа ходимни ишга қабул қилиш ушбу ўриндош аёл билан меҳнат шартномасини бекор қилиш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин эмас.






