Бахтиқаро болалик. Бугунги кунга келиб дунёнинг энг таниқли ёзувчисига айланиб улгурган Жуан Роулинг бир неча йиллар аввал ёрдам пули эвазига зўрға ҳаёт кечираётган ёлғиз она эди. Айни пайтда эса у Буюк Британиянинг энг таниқли ва бой аёллари рўйхатидан жой олган.
Англиянинг кичик бир графлигида, инженер оиласида дунёга келган Жоаннинг болалиги қийинчиликда ўтган. Ота‑онаси ўғил кутишганлиги сабабли Жоанга ҳеч эътибор беришмасди. Ўспиринлик ёшида эса онаси оғир хасталикка дучор бўлади. Бироқ Жоан таслим бўлмайди. Гарчи ўзи истаган Оксфорд университетига кира олмаса ҳам, Эксетерс университетининг француз тили ва филологияси факультетида ўқийди. Кейин «Халқаро амнистия» жамиятида таржимон бўлиб ишлайди. Аммо кўп ўтмай ишдан бўшаб, касаллиги авж олган онасининг олдига қайтишига тўғри келади.
Кечиккан поезд. 1990 йилда Жоан Манчестердан Лондонга йўл оларкан, поезд йўлда 4 соатга ҳаяллайди. Айнан мана шу пайт Жоанга сеҳргарлик мактаби ўқувчиси Гарри Поттер ҳақидаги роман ғояси келади. Ёзувчи уйга етиб келиши билан ғояларни қоғозга туширади. Ўша йилнинг декабрь ойида эса онаси вафот этади. Энг яқин инсонини йўқотган Жоан ёзишдан тўхтамайди. Ўз ҳиссиётларини бош қаҳрамони орқали қоғозга тўкиб солади.
Бахтсизлик ортидаги омад. Бироз вақтдан кейин Роулинг Португалияга кўчиб боради. У кечқурунлари инглиз тилидан дарс берар, кундузи эса асарларини ёзарди. Кўп ўтмай, Хорхе Арантес исмли бир тележурналист билан танишиб, оила қуради. 1993 йил 27 июлда қизи дунёга келади, аммо ўша йилнинг декабрь ойида эри билан ажрашади. Қўлида чақалоғи ва Гарри Поттернинг ёзиб тугалланган III боби билан опасининг уйидан паноҳ топади. «Ўша пайтлари ўзимни жуда омадсиз деб ҳис қилардим. Барбод бўлган оила, топталган ишонч ва норасида гўдак билан тақдир қаршисида ожиз қолгандим. Кўз ёшларимни тийиш учун ҳам бор куч ва ғайратимни мен учун муҳим бўлган ишга сарфлай бошладим. Ахир ҳаёт давом этиши керак-ку! Қўлимдаги эски ёзиш машинкаси ва миямдаги катта ғоя билан курашишда давом этдим. Ва кейинчалик тушуниб етдим – тош бўлиб кўринган чоҳ аслида ҳаётимни қайта қурилиши учун хизмат қилган мустаҳкам фундамент экан», дейди ёзувчи.
Бахтли тасодиф. 1995 йилда биринчи китоб ёзиб тугатган Жоан қўлёзмани 12 та нашриётга жўнатади, аммо уларнинг барчаси бу асарни чоп этишдан бош тортади. Орадан бир йил ўтгач, Лондоннинг Bloomsbury нашриёт уйи раҳбари Барри Каннингемнинг 8 ёшли қизи Алиса тасодифан қўлёзманинг илк бобларини ўқиб чиқади. Ва отасидан асарнинг давомини ҳам сўрай бошлайди. Мана шу воқеа сабаб Bloomsbury нашриёти асарни чоп этишга қарор қилади. Асар китоб ҳолида аввалига 1000 тираж билан чиқади, аммо қисқа вақт ичида ўзига кўпгина мухлислар орттиради.






