Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабни ташкил этиш тўғрисида қарорни имзолади.
Ихтисослаштирилган мактабни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимидаги Тошкент давлат иқтисодиёт университети қошидаги аниқ фанларга ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби негизида ташкил этилади. Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, Тепамасжид кўчаси, 4-уй манзилида жойлашган Мирзо Улуғбек информатика касб-ҳунар коллежининг бино ва иншоотларини тегишли ҳудуди билан бирга Ихтисослаштирилган мактабга оператив бошқариш ҳуқуқи асосида бепул берилади. Мирзо Улуғбек информатика касб-ҳунар коллежининг 2-3-босқич ўқувчилари Ихтисослаштирилган мактаб биносида ўқишни битиргунларига қадар давом эттиришади.
Ихтисослаштирилган мактабга ўқувчилар Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан белгиланадиган квота асосида 5-синфдан бошлаб ёзма ва оғзаки синов натижаларига кўра танлов асосида қабул қилинади. Ихтисослаштирилган мактабнинг биноларини таъмирлаш ва реконструкция қилиш, зарурат бўлганда янги бинолар қуриш, синф ва лаборатория хоналарини, кутубхона ва бошқа иншоотларини замонавий жиҳоз, мебель, компьютер ва бошқа ўқув-лаборатория воситалари билан жиҳозлаш, ўқув адабиётлари ва методик қўлланмалар билан таъминлаш, юқори касб маҳоратига эга ўқитувчилар ва ходимларни қўшимча рағбатлантириш Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади.
Ихтисослаштирилган мактабни ахборот-коммуникация технологиялари йўналишида юқори малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, ўқув-тарбия жараёнини халқаро андозалар асосида ташкил этиш мақсадида унга Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ва Тошкент шаҳридаги Инха университети
профессор-ўқитувчиларини белгиланган тартибда жалб ээтилиши назарда тутилган.
Шунингдек, Республиканинг мактаб ёшидаги иқтидорли ўқувчиларига математика, физика ва информатика фанларини интеграциялашган ҳолда қамраб олган кўрик-танлов натижаларига кўра бериладиган “Муҳаммад ал-Хоразмий издошлари” номли мукофотни таъсис этилиши тасдиқланди. .
Ихтисослаштирилган мактабнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартлари асосида замонавий ахборот ва педагогик технологиялардан кенг фойдаланган ҳолда математика, физика, информатика ва чет тили фанларининг чуқур ўқитилишини ташкил этиш;
ўқувчиларда дастурлаш асосларини, маълумотлар базаларини шакллантириш ва ахборот хавфсизлиги кўникмалари ва медиа маданиятни мактаб давридан бошлаб шакллантириш;
юқори касб маҳоратига эга бўлган педагогларни жалб этган ҳолда ўқувчиларнинг ёш математиклар, ёш физиклар, ёш дастурчилар, ёш ихтирочилар жамоаларини ташкил қилиш, уларнинг республика ва халқаро фан олимпиадаларида мунтазам иштирок этишларини таъминлаш;
ўқувчиларни чет тилини билиш даражасини тасдиқловчи миллий ва халқаро эътироф этилган сертификатлар олишга тайёрлаш;
ўқув жараёнининг ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳалари билан узвийлигини таъминлаш мақсадида 10–11-синф ўқувчиларининг ахборот-коммуникация технологиялари йўналишидаги етакчи ташкилотларда ишлаб чиқариш амалиёти ўташларини ташкил этиш.






