АсосийJamiyat

Сингапур Республикаси делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюрди

Мамлакатимизга ташриф буюрган Сингапур Республикаси Бош вазири идорасидаги вазир, ташқи ишлар бўйича иккинчи вазир, атроф-муҳит ва сув ресурслари бўйича иккинчи вазир Грейс Фу  раҳбарлигидаги делегация 24 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида музокара ўтказди. Икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик сиёсий, савдо-иқтисодий ва сармоявий, маданий-гуманитар соҳаларда изчил тараққий этмоқда, деб хабар беради ЎзА. Мамлакатимизда сингапурлик ишбилармонлар билан ҳамкорликда тузилган 32 корхона фаолият юритмоқда. Улар энергетика, енгил саноат, озиқ-овқат, электрон маҳсулотлар ишлаб чиқариш каби соҳаларга ихтисослашган. Фан ва таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Учрашувда мамлакатларимиз БМТ ва бошқа қатор нуфузли халқаро сиёсий ва молиявий институтлар доирасида фаол ҳамкорлик қилиб келаётгани қайд этилди. Ўзбекистон билан Сингапур ўртасидаги алоқаларнинг бугунги аҳволи ва истиқболи, идоралараро муносабатларни кенгайтириш, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашилди. Келгусида ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, сармоявий соҳадаги алоқаларни  кенгайтириш, илғор технологияларни жорий этган ҳолда қатор қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан икки томон ҳам манфаатдор экани таъкидланди. Сингапур делегацияси мамлакатимизнинг қатор вазирлик ва идораларида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан музокаралар ўтказади. 

    Бошқа янгиликлар