Ангренлик Шерзод Ибрагимов жамият учун фойдали меҳнат қилиб кун кўриш ўрнига, фирибгарликни ўзига касб қилиб олди. Бу «устаси фаранг» дастлаб Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Ангрен шаҳар судининг 2016 йил 1 апрель кунидаги суд мажлисида фирибгарлик жинояти содир этганлиги учун судланган, келтирилган зарар қопланганлиги сабабли томонлар ярашиб, жиноят иши суд жараёнида тугатилган. Аммо яхши отга бир қамчи, деганларидек у ўзига тегишли хулоса чиқариш ўрнига фирибгарлик жинояти билан шуғулланишда давом этади, деб ёзади Тошкент вилояти ИИБ.
2016 йил 16 декабрь куни Ангрен шаҳар суди томонидан Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми «б» банди билан айбли, деб топилиб, суд жараёнлари олиб борилаётган бир вақтда Шерзод Ибрагимов ўзига тегишли хулоса чиқармай, навбатдаги фирибгарликларни ҳам содир этишдан тап тортмади.
У “кўмир маҳсулотини олиб бераман”, деб бир неча фуқароларни алдаб, улардан нақд пул ва пластик карточкалариги пулларини ундиради.
Жумладан, Ангрен шахар Самарчуқ махалласида яшовчи фуқаро Азамжон Мирзалиевга жами 3 тонна сараланган кўмир маҳсулотини олиб беришни ваъда қилиб, уни алдаб, унинг ишончига кириб, унга тегишли ҳисобида жами 900.000 сўм пуллари бўлган пластик карточкасини фирибгарлик йўли билан эгаллаб олиб, ўзлаштириб юборади.
Бундан ташқари, Шерзод Ибрагимов Ангренлик Нематулла Ташматовнинг 700.000 сўм пули бўлган пластик карточкасини, ҳамда Исмаил Сабировнинг 920.000 сўм пулларини фирибгарлик йўли билан эгаллаб олиб, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.
Ҳозирги кунда Шерзод Ибрагимовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари асосида жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






