2017 йил 7 апрел куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Тошкентга МДҲ иштирокчи давлатлари Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун келган Қирғизистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев билан учрашди.
Вазирлар икки томон кун тартибининг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар.
Учрашувда таъкидланганидек, 2016 йил 24 декабр куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган олий даражадаги Ўзбекистон-Қирғизистон учрашуви ва унинг якунлари томонларда мавжуд масалаларни ўзаро ҳурмат асосида ва бир-бирининг манфаатларини инобатга олган ҳолда муҳокама қилиш ва ечиш учун сиёсий ирода мавжудлигини тасдиқлайди.
Алоқаларнинг сўнгги вақтлардаги фаоллашуви, кенг жамоат вакиллари иштирокида турли даражадаги делегациялар ташрифларининг қизғин алмашинуви икка томон ҳам сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникатсион, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришдан манфаатдор эканлигига гувоҳлик бериши қайд этилди.
Учрашувда Қирғизистон Элчиси Данияр Сидиқов иштирок этди.






