АсосийDunyo

​АҚШ Сурия аэродромига ракетадан зарба берди

'​АҚШ Сурия аэродромига ракетадан зарба берди'ning rasmi

АҚШ 6 апрель куни кечқурун гўёки Сурия ҳукуматининг Идлиб вилоятида кимёвий қуролни ишга солганига жавобан Сурия авиабазасига ўнлаб қанотли ракеталарни учирди, деб хабар берди Tengrinews.kz нашри.

Ўрта Ер денгизида АҚШга тегишли иккита ҳарбий кема камида 50 маротаба “Томагавк” ракетасини учирди. Пентагоннинг фикрича, мақсад ҳукумат қўшинлари рейд ўтказган, Суриянинг ғарбида жойлашган Хомс вилоятидаги Шайрат аэродромига авиазарба бериш бўлди. Ҳозирча қурбон бўлганлар ҳақида маълумот йўқ. Амалдорларнинг айтишича, авиазарбадан кўзланган мақсад одам ўлдириш эмас, балки мазкур ҳудуд инфраструктурасига, авиацияга, учиш-қўниш майдонига зарар етказиш бўлган.

“Сурия режимига тегишли аэродромга бир зарба билан ўнлаб “Томагавк” ракеталаридан зарба берилди, – деб маълумот берди Пентагон вакилларидан бири.

АҚШ ҳукуматининг тахминига кўра, Сурия ҳукумати мазкур аэродромдан тақиқланган кимёвий қуролни учирган. Шу билан бирга АҚШ ҳукумати авиазарба берилаётгани ҳақида олдиндан Россияга хабар бермай, бу ҳақда бошқа мамлакатларни огоҳлантирган. АҚШ президенти Дональд Трамп Конгресснинг бир неча аъзосига Идлибга қилинган кимёвий ҳужум учун Сурияга нисбатан ҳарбий чора кўриши ҳақида маълум қилган. Трамп бу масалани Сурияга қанотли ракеталар билан зарба беришни таклиф қилган мудофаа вазири Жеймс Мэттис билан муҳокама қилган.

Бошқа янгиликлар