АсосийJamiyat

​НОХУШ ИЛЛАТЛАРДАН УЗОҚРОҚ БЎЛАЙЛИК

'​НОХУШ ИЛЛАТЛАРДАН УЗОҚРОҚ БЎЛАЙЛИК'ning rasmi

Дунё кун сайин тараққий этмоқда, илм-фан, техника ва технологиялар тобора ривожланмолқда. Бироқ, инсоният келажагига таҳдид солиб турган муаммолар қамрови ҳам кенгайишда давом этаётир. Бу эса, ҳар биримиздан ҳушёрлик, сергаклик ва огоҳликни оширишни талаб этади.

ДОЛЗАРБ МАВЗУДАГИ МУНОЗАРА

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ташаббуси билан пойтахтимиздаги ҳарбий қисмлардан бирида ўтказилган “Соғлом турмуш тарзи – гўзал ҳаёт кафолати” мавзусидаги тадбирда ҳам бу борадаги масалаларга атрофлича тўхталиб ўтилди. Унда ҳарбий қисм хизматчилари, тегишли ташкилот ва идораларнинг масъул ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Унда Тошкент шаҳар Наркология диспансери нарколог-шифокори Мамалатиф Воҳидов, Республика ОИТС маркази эпидемиолог-шифокори Акмал Очилов, майор Шодибой Низомов ва бошқалар дунё миқёсида ва мамлакатимизда бу муаммоларни олдини олиш борасида қилинаётган ишлар, ҳар биримизнинг олдимизда турган вазифалар ҳақида тўхталиб ўтишди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатимизда аҳолининг саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий хизмат сифатини ошириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш борасида кенг қамровли ишлар бажарилмоқда. Шу билан биргаликда, халқимиз, айниқса ёшлар ўртасида кашандалик, ичкиликбозлик, гиёҳвандлик сингари иллатларга қарши курашиш бўйича муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

БАРЧАМИЗ ОГОҲ БЎЛИШИМИЗ КЕРАК

Бундай иллатлар домига илинмаслик учун ҳар бир инсоннинг ўзида, айниқса ёшларимизда мустақил фикр, ички иммунитет, маънавий пойдевор, етарлича билим ва кўникмалар бўлиши лозим. Бу борада ҳар бир ота-онадан, маҳалла фаолларидан, таълим-тарбия муассасалари ходимларидан алоҳида масъулят талаб этилади.

Маълумки, кашандилик, ичкиликбозлик, гиёҳвандлик, ОИТС сингари иллатлар кўринмас ришталар орқали бир-бири билан чамбарчас боланган бўлади. Гиёҳвандликка мубтало бўлганларнинг аксарияти илгари кашандалик ёки ичкиликбозлик “таъми”ни тотиб кўрган бўлишади. ОИТСга чалинганларнинг кўпчилигини эса, гиёҳвандлар ташкил этади. Шу боис уларни бир-биридан айро ҳолда тасаввур этиш қийин.

Анжуманда мазкур муаммоларга қарши курашда оммавий ахборот воситалари олдидаги вазифалар ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди. Мамлакатимиздаги теле ва радиоканаллар, даврий нашрлар, интернет сайтлари ҳам кашандалик, ичкиликбозлик, гиёҳвандлик ҳамда уларнинг оқибатлари борасида муттасил бонг уриб келмоқда.

ГИЁҲВАНДЛИК –АСР ВАБОСИ

Бугунги кунда наркотик воситалар савдосига қарши кураш глобал миқёсда давом этаётган бўлса-да, бу машъум иллат ҳамон бани башар узра ўз машъум кўланкасини солиб турибди. Ҳар йили юз минглаб инсонлар гиёҳвандлик қурбонига айланишмоқда.

Ушбу балои азимнинг олдини олиш, наркотик воситаларининг ноқонуний айланиши ва савдосига қарши кураш борасида мамлакатимизда олиб борилаётган ишлар эътирофга сазовор. Ўзбекистонда ҳар йили мусодара қилинган гиёҳванд моддалар кенг жамоатчилик кўз ўнгида йўқ қилинмоқда. Биргина ўтган 2016 йилнинг ўзида 1438 килограмм гиёҳванд модданинг кули кўкка соврилди. 1994 йилдан то ҳозирга қадар юртимизда 55,4 тонна гиёҳванд модда ана шу тартибда йўқ қилинган.

Албатта бу рақамлар бир қараганда яхши. Иккинчи томондан бундай хатти-ҳаракатлар ҳамон тўхтамаётгани ғоятда ачинарлидир.

“ЎЗ СОҒЛИҒИНГНИ ЎЗИНГ АСРА!”

ОИТС/ОИВ гиёҳвандлик, носоғлом турмуш тарзи, фаҳш ва ахлоқий бузуқлик сабабли вужудга келадиган касаллик эканилиги аллақачон исботини топган. Шунингдек, ушбу касаллик соғлом инсонга беморнинг қони орқали, туғилажак ҳомилага она орқали ўтиши ҳам аниқланган.

- Статистик маълумотларга кўра, ҳар куни дунё миқёсида 7000 дан ортиқ, ҳар 12 сонияда эса, бир киши ОИВ инфекциясига чалинмоқда, - дейди мазкур ҳарбий қисм хизматчиси, тиббий хизмат майори Шодибой Низомов. – Бу эса, ҳар биримиз имкон қадар ОИТС/ОИВга олиб борувчи хатарли омиллардан йироқ бўлишимиз, соғлом турмуш тарзига изчил амал қилишимиз лозимлигини тақозо этади. Мазкур тадбирларни ўтказишдан мақсад ҳарбий хизматчиларнинг ҳам бу борадаги билим ва кўникмаларини ошириш, уларни янада огоҳ ва сергак бўлишга, келгусида ҳам бундай жирканч одатлардан, нохуш иллатлардан узоқроқ бўлишга чорлашдан иборатдир.

Тадбирда кашандалик ва ичкиликбозлик ҳам инсон саломатлиги, оиладаги муҳит, жамият барқарорлигига рахна солувчи иллатлардан эканини таъкидланди. Бу иллатлар ҳам ҳар йили миллионлаб инсонларнинг ҳаёт билан эрта видолашувига, оилаларнинг пароканда бўлишига сабаб бўлаётир. Шу боис, халқимиз, хусусан ёш авлод вакиллари ичиш ва чекишнинг зарарли оқибатларидан етарли даражада хабардор бўлишлари лозим.

Тадбир давомида ушбу иллатларнинг аянчли оқибатларини ўзида акс эттирувчи видеолавҳалар намойиш этилди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Р.Жабборов

Бошқа янгиликлар