Москванинг жануби-ғарбида жойлашган Азовский кўчасидаги мобиль алоқа салонига болта билан қуролланган уч нафар номаълум шахс ҳужум қилди, деб хабар берди “Тvzvezda.ru” нашри.
Аммо улар ўзларининг қабиҳ режаларини амалга ошира олмади. Салонга ташриф буюрган эркак жиноятчиларга қарата травматик тўппончадан ўқ узди. “Кечки соат 21.00 да Азовский кўчасида жойлашган мобиль алоқа салонига болта билан қуролланган уч нафар номаълум шахслар кириб, ходимлардан пул талаб қилган. Аммо ичкарида бўлган мижозлардан бири ёнидан травматик тўппончани чиқариб, уларга қарата ўқ узган”, деб хабар берди ҳуқуқ-тартибот идораси ходимлари.
Жиноятни амалга оширишга муваффақ бўлмаган босқинчилар номаълум томонга қочиб кетган. Воқеа жойида полиция ходимлари иш олиб бормоқда.






