АсосийJamiyat

​«Ёш чегарачилар» мусобақалари юксак савияда ўтади

'​«Ёш чегарачилар» мусобақалари юксак савияда ўтади'ning rasmi

Мамлакатимизда ёш авлодни жисмонан соғлом, маънан етук ва баркамол этиб тарбиялаш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

Ёшларни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида жойларда турли маданий-маърифий учрашувлар, спорт мусобақалари ўтказилмоқда. Бир неча йилдан бери мамлакатимиз миқёсида ўтказиб келинаётган “Ёш чегарачилар” мусобақаси ҳам ана шундай тадбирлар сирасига киради.

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 2014 йил 6 февралдаги «Ёшларга оида давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори ҳамда 2016 йил 20 декабрдаги Фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида “Ёш чегарачилар” мусобақалари 2017 йилнинг февраль-май ойларида ўтказилиши режалаштирилган.

Мазкур мусобақани ўтказишда Республика чегараолди ҳудудларида жойлашган касб-ҳунар коллежлари ва академик лицей ўқувчиларини хизматга тайёрлаш, уларни Ватанга муҳаббат, ҳарбий бурчга садоқат руҳида тарбиялаш, “Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси тўғрисида”ги Қонунни кенг тағиб қилиш сингари эзгу мақсадлар кўзда тутилган.

Ушбу мусобақалар Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмитаси, “Камолот” Ёшлар ижтимоий ҳаракати, халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлигини Ўрта-махсус касб-ҳунар таълими маркази, ички ишлар вазирлиги, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги сингари бир қатор идора ва ташкилотлар ҳамкорлигида, чегараолди ҳудудлардаги ўрта-махсус таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўқувчилар ўртасида ўтказилиши кўзда тутилган.

2011-2016 йиллар давомида ўтказилган саралаш босқичларида юртимизнинг барча чегараолди ҳудудларидаги коллеж ва лицейлардан 17 минг нафардан ортиқ ўқувчи жалб қилинган. Жамоалар ҳарбий ватанпарварлик мусобақалар низомидан жой олган сафда юриш тайёргарлиги, ҳарбий варақалар, альбом ва вимпеллар кўриги, ижтимоий-сиёсий ва ҳуқуқий тайёргарлик, давлат чегаралари тўғрисидаги билимлар, АКМ автоматини қисмларга ажратиш ва йиғиш, белгиланган масофага югуриш, турникка тортилиш, Биринчи Президентимиз асарлари, инглиз тили билимдонлиги сингари йўналишларда ўз билим ва маҳоратларини синовдан ўтказадилар.

Шунингдек, МХХ раҳбарияти томонидан ёш чегарачиларга чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиларининг жанговар фаолияти билан яқиндан танишиш учун барча имкониятлар яратиб берилади.

    Бошқа янгиликлар