Энг асосий устувор вазифа – «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастурини амалга ошириш, «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун» деган олижаноб ғояни изчиллик билан ҳаётга татбиқ этишдан иборат.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида қайд этди.
Айнан ана шу энг муҳим вазифалар иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг асосий йўналишлари ва устувор вазифаларига жиддий ўзгартиришлар киритиш учун пойдевор бўлиши керак.
Бунинг учун қуйидаги вазифаларни бажаришимиз лозим, дейди давлатимиз раҳбари.
Биринчи – фуқаролар билан очиқ мулоқотни йўлга қўйишнинг янги самарали усул ва механизмларини татбиқ қилиш, жумладан, барча даражадаги ҳокимлар, прокуратура ва ички ишлар органлари раҳбарларининг аҳоли олдида ҳисобот бериш тизимини жорий этиш керак. Ўйлайманки, ана шу муҳим ишда Қонунчилик палатаси ва Сенат қўмиталари фаол иштирок этади.
Жорий йилнинг 1 февралидан бошлаб Қонунчилик палатаси Спикери – Нуриддинжон Мўйдинхонович Исмоилов ва Сенат Раиси – Ниғматилла Тўлқинович Йўлдошев ҳам жойларга чиқиб, мавжуд аҳволни шахсан ўрганиш асосида аҳолининг энг муҳим эҳтиёжларини ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатишлари мақсадга мувофиқдир.
Иккинчи – Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги, ҳар бир туман ва шаҳардаги Халқ қабулхоналари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси фаолиятини самарали ташкил этишни таъминлаш даркор.





