Грузия ҳуқуқ-тартибот идоралари ноқонуний миграцияга қарши кураш доирасида 45 нафар хорижликни қўлга олди. Бу ҳақда мамлакат Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, қўлга олинганлар орасида Ўзбекистон, Қирғизистон, Россия, Қозоғистон, Туркманистон, Туркия, Покистон ва бошқа қатор давлатлар фуқаролари бор.
Грузия ИИВ маълумотига кўра, бу каби рейдлар мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда. Натижада мамлакат ҳудудида қонуний асосларсиз юрган шахслар аниқланиб, депортация қилинмоқда.
Аввалроқ Грузияда миграция қонунчилиги кучайтирилган эди. Жумладан, мамлакатда бўлиш муддатини бузганлик учун жарималар миқдори оширилди. Шунингдек, норозилик намойишларида қатнашиш қоидаларини бузган чет элликларни депортация қилишга ҳам рухсат берилган.
Маълумот учун, 2025 йилнинг 11 ойи давомида Грузиядан қонуний асосларсиз бўлиб турган 1131 нафар чет эл фуқароси чиқариб юборилган.






