Вилоят ИИБ маълумотига кўра, 6 май куни Ўрта қишлоқ маҳалласи Мумтоз кўчасида ҳайдовчи Қ.З. King Long русумли микроавтобусда давлат-хусусий шериклик асосида фаолият юритувчи "Хадичабегим" боғчасининг 58 нафар тарбияланувчисини олиб кетаётган вақтда тўхтатилган.
Ҳайдовчига нисбатан одам ташиш қоидаларини бузгани учун маъмурий баённома расмийлаштирилди. Шунингдек, ҳайдовчи ва боғча раҳбарияти билан профилактик тушунтириш ишлари олиб борилган.
ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига кўра, республика бўйлаб 1–8 май кунлари ўтказилган рейдлар давомида болаларни транспортда меъёрдан ортиқ ташиш билан боғлиқ 125 та қоидабузарлик аниқланган.
Эслатиб ўтамиз, 5 май куни Навоий вилояти Нурота туманида 13 нафар боғча боласи ва 3 ойлик чақалоқни Daewoo Matiz'да олиб кетаётган боғча мудираси бошқарувни йўқотиши оқибатида автомобил ағдарилиб кетган эди. Ҳодиса оқибатида ҳайдовчи ҳалок бўлиб, болалар жабрланган, улардан бири комага тушган.






