Ҳужжатларга кўра, президент бир ой ичида 175 та молиявий операция қилган. У сотиб олган облигацияларнинг умумий қиймати камида 51 миллион долларга баҳоланмоқда. Энг юқори ҳисоб-китобга кўра эса бу рақам 161 миллион долларгача етиши мумкин.
Хўш, у нима сотиб олди? Оддий тушунтирганда, облигация — давлат ёки компанияга қарз бериш дегани. Яъни пул берасиз, улар эса кейин фоизи билан қайтариб беради.
Трамп асосан давлат ва шаҳарлар чиқарган облигацияларни харид қилган. Шу билан бирга йирик компаниялар қарз қоғозларига ҳам сармоя киритган. Улар орасида энергетика, технология ва банк соҳасидаги йирик корпорациялар бор.
Мутахассислар бу каби сармоялар хавфи нисбатан кам ва барқарор даромад келтириши билан изоҳланишини айтмоқда.






