Эроннинг Tasnim ахборот агентлиги Ҳoрмуз бўғози тубидан ўтган сувости интернет кабеллари харитасини эълон қилди. Нашр минтақадаги араб давлатларини эҳтимолий “рақамли ҳалокат” ҳақида огоҳлантирган.
Маълум қилинишича, ушбу кабелларга қасддан шикаст етказилса, Форс кўрфази давлатлари глобал интернет тармоғидан деярли узилиб қолиши мумкин. Айни пайтда дунё маълумотлар трафигининг тахминан 15 фоизи айнан шу йўналиш орқали ўтади.
Экспертлар фикрича, кабеллар ишдан чиқса, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони, Қатар ва Қувайт каби давлатларнинг банк тизимлари, молиявий марказлари ҳамда сунъий интеллект лойиҳалари жиддий зарар кўриши мумкин.
Эрон расмийлари мазкур ҳолат бўйича расман изоҳ бермаган. Бироқ таҳлилчилар бу каби хабарларни стратегик инфратузилмага нисбатан босим ўтказиш сифатида баҳоламоқда.






