Адлия вазирлиги томонидан техникум ва академик лицейлар фаолиятини баҳолаш тартиби расман рўйхатдан ўтказилди. Унга кўра, эндиликда ушбу таълим муассасалари учун алоҳида миллий рейтинг шакллантирилиб, уни Таълим сифатини таъминлаш агентлиги юритади.
Рейтинг ҳар йили 10 октябрга қадар эълон қилинади ва у вазирликлар ахборот тизимлари, таълим муассасалари маълумотлари ҳамда ўқувчилар, ўқитувчилар ва иш берувчилар иштирокидаги сўровномалар асосида шакллантирилади.
Янги тартибга кўра, энг юқори натижа кўрсатган 50 та техникумга катта миқдорда молиявий рағбат ажратилади. Маблағнинг асосий қисми моддий-техника базасини яхшилашга, қолган қисми эса ходимларни рағбатлантиришга йўналтирилади.
Маълум қилинишича, мазкур тизим касбий таълимда сифатни ошириш ва соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.






