Кения суди Найроби халқаро аэропортида 2200 дан ортиқ тирик чумолилар билан ушланган хитойлик фуқаро Чжан Кэцюньни 12 ойга қамаш ва 1 миллион кения шиллинги жарима тўлашга ҳукм қилди.
Унинг юкларидан, айниқса, коллекционерлар орасида қимматбаҳо саналадиган Messor cephalotes турига мансуб 1948 та чумоли аниқланган.
Маълум қилинишича, ҳашаротлар пробиркаларга жойланган ҳолда яширинча олиб чиқилмоқчи бўлган ва кейинчалик Хитойга юборилиши режалаштирилган.
Аввалига айбини рад этган Чжан Кэцюнь кейинчалик уни тан олган.
Судья Ирэн Гичоби мазкур ҳукм чумолилар контрабандасига қарши курашда оғир жазо сифатида хизмат қилишини таъкидлади.
Мутахассислар эса сўнгги йилларда контрабанда фақат йирик ҳайвонлар билан чекланиб қолмай, балки экотизим учун муҳим бўлган кичик турларга ҳам тарқалаётганини қайд этмоқда.






