Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда ички ишлар органлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирларда икки нафар шахс қўлга олинди. Хусусан, муқаддам судланган 1985 йилда туғилган шахс Урганч туманида текширилганда, унинг ёнидан 4 кг 407 грамм “опий” аниқланиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.
Яна бир ҳолатда “Беруний–Урганч” йўналишида ҳаракатланаётган Lacetti автомашинаси тўхтатилиб, текширув давомида 2002 йилда туғилган, илгари судланган фуқарога тегишли 4 кг 541 грамм “опий” топилди.
Маълум бўлишича, ҳар икки ҳолатда ҳам наркотик моддалар Афғонистондан контрабанда йўли билан олиб кирилган бўлиб, уларни Хоразм вилоятида сотиш орқали даромад олиш режалаштирилган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.






