Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, COVID-19’нинг BA.3.2 — “Цикада” деб номланган янги штамми ҳозиргача 20 дан ортиқ давлатда аниқланган. Бироқ Ўзбекистонда эпидемиологик вазият барқарор бўлиб, ушбу мутация кенг тарқалиши эҳтимоли паст, дейди Санитария-эпидемиологик осойишталик қўмитаси вакили Нурмат Отабеков.
Унинг сўзларига кўра, мазкур штамм анча олдин аниқланган бўлиб, тез тарқалмаслиги билан ажралиб туради. “Цикада” номи ҳам узоқ вақт “сездирмай” мавжуд бўлиши мумкинлиги сабаб берилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, у COVID-19’нинг “Омикрон” штаммига ўхшаш белгилари — йўтал, томоқ оғриғи, бурун битиши ва баъзан ҳид-таъм йўқолиши билан кечади. Мутахассислар айниқса болалар орасида юқиш ҳолатлари кўпроқ кузатилаётганини билдирмоқда.
Шу билан бирга, аҳолининг катта қисмида шаклланган жамоавий иммунитет туфайли жиддий хавотирга ўрин йўқлиги таъкидланди.






