Францияга тегишли кема Ҳормуз бўғозидан ўтди. Бу АҚШ—Исроил ва Эрон ўртасидаги кескинликлар туфайли муҳим транспорт йўли амалда ёпилганидан бир ойдан ортиқ вақт ўтгач содир бўлди.
Маълум қилинишича, Франциянинг CMA CGM компаниясига тегишли, Мальта байроғи остидаги контейнер кемаси бўғоздан ўтган. Бу ҳақда BFM TV хабар берган. Компания ҳодиса юзасидан изоҳ беришдан бош тортган.
Юк ташиш таҳлилчиларига кўра, бу уруш бошланганидан бери Ғарбий Европага тегишли йирик компания кемасининг бўғоздан биринчи марта ўтиши ҳисобланади.
Эрон томони “душман бўлмаган кемалар” ушбу сув йўлидан фойдаланиши мумкинлигини билдирган. Бироқ давом этаётган можаролар ва айрим кемаларга қилинган ҳужумлар одатий юк ташиш фаолиятини издан чиқарган.
Кузатув маълумотларига кўра, французларга тегишли кема Уммон соҳили томондан, яъни Эрон сув ҳудудига қарши томондан ҳаракатланган. Кема қандай юк ташигани очиқланмаган.
Шунингдек, Японияга тегишли кема ҳам бўғоздан чиқиб кетгани маълум қилинди. Бу ҳақда MOL компанияси хабар берган.
“Кема ва экипаж аъзоларининг хавфсизлиги таъминланган”, — дейилади компания баёнотида.
Хабарларга кўра, сўнгги кунларда бўғоздан ўтган айрим кемалар Уммон соҳилига одатдагидан анча яқин масофада ҳаракатланган.






