Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, чегара ҳудудларида яшовчи айрим шахслар, жумладан пенсионерлар, афғон етказиб берувчилар билан тил бириктириб, опий моддасини Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш ва уни Термиз шаҳри ҳамда атроф ҳудудларда тарқатиш билан шуғулланган.
Тезкор тадбирлар давомида гуруҳ аъзоларидан бири — кекса ёшдаги курер қўлга олиниб, унинг ёнидан наркотик модда аниқланган. Кейинчалик унинг шериклари ҳам фош этилган ва улардан пул маблағлари ҳамда наркотик моддалар далилий ашё сифатида мусодара қилинган.
Тергов ҳаракатлари давомида гуруҳ ташкилотчисига тегишли хонадонда йирик миқдордаги наркотик захираси топилган. У ердан умумий оғирлиги 12 килограммдан ортиқ бўлган 12 та ўрам опий ва уни истеъмол қилишга мўлжалланган воситалар аниқланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, барча гумонланувчилар қўлга олинган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






