Туркиянинг Баликесир вилоятида бўш ер майдонидан топилган аёл жасади 21 январдан буён қидирувда бўлган 46 ёшли Ўзбекистон фуқароси Дилафрўз Чўлиевага тегишли экани аниқланди. Бу ҳақда "Haber Turk" нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, Баликесирнинг Ҳавран тумани Чамдиби маҳалласида жасад топилгани ҳақида хабар келиб тушган. Ҳодиса жойида олиб борилган текширувлар натижасида марҳума Бурҳание тумани Эмният бошқармаси томонидан “бедарак йўқолган шахс” сифатида қидирувда бўлган Дилафрўз Чўлиева экани тасдиқланган.
Жасад суд-тиббий экспертиза ўтказиш учун Бурсадаги тегишли муассасага юборилган.
Мазкур ҳолат юзасидан аёлнинг севгилиси экани айтилган 44 ёшли И.И. ҳамда унинг танишлари — Б.Н. (40), Б.У. (40) ва М.К. (22) қўлга олинган. Сўроқдан сўнг И.И. суд қарори билан ҳибсга олинган, қолган уч нафар шахс эса суд жараёни давомида қамоққа олинмасдан қўйиб юборилган.
Марҳуманинг ўғли Шоҳрух Тўрақулов аввалроқ онаси қандли диабет билан оғриганини, дори-дармонларни ўз вақтида қабул қилмаса соғлиғида жиддий асоратлар кузатилишини айтиб, ёрдам сўраган эди.
Маълумотларга кўра, Дилафрўз Чўлиева ишлаш мақсадида Туркияга борган ва Бурҳание туманида кекса беморга қараб келган. У 21 январь куни бозорга чиқиш учун рухсат олиб, ортга қайтмаган. Яқинлари ва иш берувчилари томонидан қидирувга берилган аёлнинг йўқолгани ҳақида Ўзбекистоннинг Туркиядаги дипломатик ваколатхоналари ҳам хабардор қилинган эди.
Ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.






