Жарқўрғон туманидаги 33-сонли умумтаълим мактаби педагог ходимларидан пул маблағлари мажбурий тартибда йиғилаётгани ҳақидаги хабар юзасидан тайинланган хизмат текшируви якунланди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Муродбек Давлатов маълум қилди.
Баёнотда айтилишича, текширув вилоят ҳокими назоратида ўтказилиб, ҳолатлар комплекс тарзда ўрганилган, ҳужжатлар таҳлил қилиниб, масъул шахсларнинг тушунтиришлари олинган.
Натижада Жарқўрғон тумани ҳокимининг ўринбосари Анвар Ражабов томонидан берилган кўрсатма амалдаги қонунчилик талабларига зид экани, хусусан, ихтиёрийлик тамойили бузилгани аниқланган.
Хизмат текшируви хулосасига мувофиқ Анвар Ражабов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
“Анвар Ражабовнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун текширув материаллари белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.
Бундай ҳолатларнинг такрорланишига йўл қўймаслик мақсадида ички назорат механизми кучайтирилди ҳамда раҳбар ходимлар билан мақсадли ҳуқуқий тушунтириш ишлари олиб борилмоқда”, - дейилади баёнотда.






