Жанубий Корея собиқ президенти 2024 йил охирида ҳарбий ҳолат жорий этгани ортидан исён уюштиришда айбдор деб топилди. Прокуратура унга нисбатан ўлим жазоси сўраган эди.
Yonhap хабарига кўра, суд Юн Сок Ёлни конституциявий тузумга тажовуз қилиш ва исён ташкил этиш айбловлари билан умрбод озодликдан маҳрум қилди. У 2022 йил майидан бошлаб президент лавозимида ишлаган.
2024 йил декабрида қисқа муддатга ҳарбий ҳолат жорий этилгач, Жанубий Корея Миллий ассамблеяси томонидан импичмент эълон қилинган. 2025 йил апрелида импичмент тасдиқланиб, у лавозимидан четлатилган. Шундан сўнг бир неча бор терговга чақирилган ва охир-оқибат ҳибсга олинган.
Аввалроқ, 2026 йил январида собиқ президент ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ва ҳибсга олишга қаршилик кўрсатиш айбловлари билан 5 йилга қамалган эди.
Прокурорлар исён айби бўйича унга нисбатан ўлим жазоси тайинлашни сўраган, бироқ суд энг оғир жазо сифатида умрбод қамоқни белгилади.






